Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорлик учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Айни пайтда мазкур ишчи гуруҳ ушбу ҳудудда маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартиришда салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи, ишчи гуруҳ бошлиғи Жаҳонгир РАЖАБОВ билан суҳбатимиз ана шу тадбирлар натижаси ҳақида бўлди.

– Жаҳонгир ака, мазкур ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси нимадан иборат ва қандай иш олиб бормоқда? 

– Ишчи гуруҳ мазкур ҳудудда 3 сентябрдан ўз фаолиятини бошлаган ва 25 декабрга қадар бу ердаги ҳар бир соҳа, аҳолининг турмуш тарзи, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш бўйича тадбирларни амалга оширади.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз ташаббуси билан ишчи гуруҳ Қорақалпоғистоннинг барча туман ва шаҳарларида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бандликни ошириш ва тадбиркорлик фаолияти учун шароит яратиш йўлида ҳаракат қилмоқда. Бунда ҳар бир хонадонни доимий даромад манбаига эга қилиш асосий мақсадларимиздан.

Шу сабабли, ҳар бир маҳалладаги аҳолининг иқтисодий эҳтиёжларини ўрганиб, уларни қўллаб-қувватлаш ишларини олиб боряпмиз.

– Ушбу ишлар доирасидаги амалий чора-тадбирлардан намуна келтира оласизми? 

– Жорий йилнинг сентябрь ойида ишчи гуруҳимиз Нукус шаҳрида бир қатор учрашувлар ўтказди. Масалан, «Бўз овул» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўнта оила паррандачилик билан шуғулланиш истагини билдирди. Аммо улар товуқ боқиш учун зарур шароитларга эга эмас эди. Шу боис маҳалладаги устахонада махсус катаклар тайёрлаш ишларини йўлга қўйишга қарор қилдик. Бу оилалар паррандачиликни йўлга қўйиши натижасида ўз даромадини ошириши кутилмоқда.

Шунингдек, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда  ҳудуддаги ижтимоий реестрдаги оилаларни уй шароитида даромад манбаига эга қилиш мақсадида ўрганиш ўтказилди. Бунда аҳолининг асосий қисми томорқаларида сабзавот етиштириш, чорва  ва паррандачилик билан шуғулланишидан келиб чиқиб, улардаги таклиф ва муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

– Тадбиркорлар учун қандай имтиёзлар яратилмоқда? 

–Ишчи гуруҳ томонидан Нукус шаҳридаги 71 та маҳаллага «Сайхунобод», «Уйчи», «Ғиждувон», «Зарбдор» тажрибаларини амалиётга жорий этиш учун учрашувлар графиги тасдиқланган. Унга асосан  «Дарбенд», «Темир жол», «Берекет» ва «Гузар» МФЙларида учрашувлар ўтказилиб, аҳоли ва тадбиркорлар билан муаммо ва таклифлар муҳокама қилинди ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Биз тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Масалан, “Фантом Нукус” хусусий корхонаси раҳбари Дмитрий Иванов сув чиқариш учун бурғилаш ускунасини ишлаб чиқариш мақсадида 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиш истагини билдирди. Банк билан маслаҳатлашиб, унинг лойиҳасини қўллаб-қувватладик.

Шунингдек, Нукус шаҳрининг бошқа маҳаллаларида бўш биноларни тадбиркорларга тақдим этиб, уларнинг фаолиятини кенгайтиришга ёрдам беряпмиз. Масалан, шаҳарнинг «Байтерек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Адилбек инвест Нукус» МЧЖ нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонаси фаолияти ўрганилди. Бинонинг иккинчи қаватидаги 100 квадрат метр майдонда кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ускуналар ўрнатилиши орқали 12 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, «Микрокредитбанк» акциядорлик жамияти биносида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда «Сайхунобод», «Уйчи», «Зарбдор» ва «Ғиждувон» тажрибаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилиб, 10 нафардан ортиқ тадбиркор билан индивидуал тарзда суҳбатлар ўтказилди ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар аниқланди.

Умуман олганда, ишчи гуруҳ ва ушбу ҳудуднинг масъуллари билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишларимиз қисқа муддатда ўз самарасини кўрсатмоқда.

–Ишчи гуруҳнинг икки ой давомида амалга оширган ишлари қандай натижалар берди?

– Сентябрь-октябрь ойларида ишчи гуруҳ томонидан 14 маротаба аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 847 та тадбиркорлик субъектига тижорат банклари орқали жами 16,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 908 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, 642 нафар норасмий банд бўлган фуқарога иш ўринлари расмийлаштирилиб, расмий секторга ўтказилди. 3 минг 893 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилишига эришилди. Яна 409 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Фаолияти тўхтаб қолган 345 та тадбиркорлик субъекти муаммолари ҳал қилиниб, қайта тикланди.

Шунингдек, солиқ органларига тақдим этилган ҳисоботларда товар айланмасини “ноль” ва иш ўрнини битта кўрсатган 355 та тадбиркорлик субъектидан ҳисоботлар қайта олинди.

– Ишчи гуруҳнинг галдаги асосий режалари нималардан иборат?

– Қорақалпоғистоннинг барча туман ва шаҳарларида учрашувлар ўтказиш режамиз бор. Бу учрашувларда ҳар бир хонадонни доимий даромад манбаига эга қилиш учун қўшимча имкониятлар ва таклифлар устида ишлашни мақсад қилганмиз.

Ҳар бир учрашув натижасига кўра, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг эҳтиёж ва муаммоларини ўрганамиз. Самарали ечимларини амалга оширамиз. Бундай чора-тадбирлар орқали Қорақалпоғистонда аҳолини банд қилиш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшамиз.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди