Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси билан “Парламент – ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳамда парламент ваколатларининг муҳим жиҳатлари, хусусан, Президентимизнинг Сенат биринчи ялпи мажлисидаги нутқида қўйилган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Бу борада Сенат томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Қонунлар муҳокамаси ва парламент назорати, айниқса, бюджет масалалари муҳокамасида маҳаллий кенгашлар депутатларининг фаол иштироки таъминланмоқда. Уларга услубий кўмак бериш йўлида изчил ишлар амалга оширилаётир.

Тадбирда сўзга чиққанлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ва жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганини таъкидлади.

Адолатли ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш масаласи устувор мақсадлардан бири экани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга сенаторлардан батафсил жавоблар олди.

Н.Абдураимова, ЎзА