Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар устидан самарали парламент назоратини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан ҳамкорликда Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан амалга оширилган ишлар натижадорлиги муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилган эди. Бугунги кунда мазкур фонд томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, имконияти чекланган болалар бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминланмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида Жамоат фонди томонидан 7 минг 639 нафар болага чуқурлаштирилган тиббий-диагностика текширувлари ўтказилди. 1070 нафар болада тиббий акциялар давомида операция амалиётлари бажарилди. Бундан ташқари, 90 нафар бола хориж клиникаларида операция қилиниб, соғломлаштирилди. 1 минг 305 нафар боланинг таълим олиши учун зарур адабиётлар, техник асбоб-ускуналар, ўқув қуроллари харид қилинди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда “Моҳир қўллар” лойиҳаси доирасида 33 нафар 16-18 ёшли ногиронлиги бўлган болалар “Моно-марказ”ларда ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилди.

Шу билан бирга, 110 нафар оғир ташхисли бемор болалар (илик кўчириш, аъзолар трансплантацияси, ўзак ҳужайралар билан даволаш, оғир даражадаги сколиозлар, оғир даражадаги куйиш асоратлари, кўз касалликлари ва ҳоказо) даволаниш учун нуфузли чет эл клиникаларига юборилди.

Депутатлар муҳокамалар давомида эҳтиёжманд оилаларнинг болаларини рағбатлантириш, кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ишларини янада жадаллаштириш, ногиронлиги бўлган болаларга қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўргатиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

М.Комилова, ЎзА