Ўзбекистон ва Мўғулистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
Бу Сенатда ташкил этилган Мўғулистон делегацияси билан учрашувда қайд этилди.
“Мўғулистон – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Сухбаатар Эрдэнэбат билан ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
С.Эрдэнэбат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ҳудудий вакиллик органларига сайловлар юқори савияда ташкил этилганини таъкидлади. Сайлов жараёнининг барча босқичлари шаффоф, очиқ ва холис ўтгани, халқаро демократик стандартларга мувофиқ бўлгани, янгиланган Конституция асосида мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилганини эътироф этди.
Учрашув якунида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, “Мўғулистон – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, кенг ҳамкорлик учун аниқ тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА