Янги фармон
Президентимизнинг жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган тўртинчи очиқ мулоқотида хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича ҳам муҳим янги ташаббуслар илгари сурилди. Чунки хизматлар кўрсатиш соҳасида кам харажат билан тез муддатда бизнесни йўлга қўйиш, даромадларнинг реал ўсишини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини бошқа тармоқларга нисбатан кўпроқ ташкил этиш мумкин.
Очиқ мулоқотда билдирилган таклифлар ва белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 30 август куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
– Фармон билан умумий овқатланиш, туроператорлик ва меҳмонхона хизматлари соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилди, – дейди Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоят шуъбаси етакчи инспектори Жасур Турсунов. – Жумладан, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини, 2025 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2028 йил 1 январга қадар ҳар ойнинг 25 санасигача тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилиши белгиланди:
– ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз (тўлов терминаллари ёки мобил тўловлар орқали) қисми: 60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 40 фоизи; 60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизи;
– туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига– бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизи.
Шунингдек, ушбу фармон билан тасдиқланган рўйхатда хизматлар соҳасига янги туртки бериш мақсадида ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Жумладан, жорий йилда масъул идоралар олдига йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастурини жорий қилиш, маҳаллий мутахассисларнинг хорижий давлатлардаги ускуна ишлаб чиқарувчи корхоналарда малакасини ошириш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш, умумий овқатланиш корхоналари томонидан нақд пулга харид қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим ҳужжатларисиз расмийлаштириш, умумий овқатланиш корхоналарига ўз ҳудудига туташ ҳудудда жойлашган бўш ер участкаларида мавсумий кафе хизматларини ташкил қилиш тартибини соддалаштириш, умумий овқатланиш корхоналари учун меҳнат шартномасини электрон шаклда тузиш орқали қисқа муддатли (кунбай, ишбай) меҳнат шартномасини тузиш тартибини жорий этиш назарда тутиладиган Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш вазифалари қўйилган.
Бундан ташқари фармон билан тасдиқланган амалий тадбирлар режасига мувофиқ жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида микромолия хизматларига 1 триллион сўм ресурс ажратиш, 2024-2025 йилларда 3 минг нафар маҳаллий мутахассисни Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Туркиядаги ускуна ишлаб чиқарувчи компанияларга малака оширишга юбориш, бунда малака ошириш билан боғлиқ харажатларни давлат томонидан қоплаб бериш, шунингдек, бошқа бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилган.
Мутахассиснинг қайд этишича, мазкур вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши аҳоли бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, аҳоли жон бошига кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг сони ошишига олиб келади. Бу орқали халқимизнинг яшаш тарзи яхшиланиб, аҳолининг турмуш даражаси юксалишига ижобий таъсир кўрсатиш имкониятлари яратилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири