ХХР Ляонинг провинциясида йирик халқаро савдо-саноат кўргазмаси иш бошлади. Maзкур анъанавий иқтисодий форумда кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этяпти.
Бугунги кунда Хитой иқтисодий тараққиётини бутун дунё тан олаётгани сир эмaс. Ляонинг музофоти эса ушбу кўламдор ривожланиш жараёни локомотиви сифатида эътироф этилади. Сабаби, Чин мамлакатининг асосий ва энг йирик ишлаб чиқариш корхоналари, илмий-тадқиқот мажмуалари айнан шу ҳудудда жойлашган. Барча ноу-хаулар, истиқболли таклиф ва ташаббуслар, креатив ёндашувлар шу ердан бошланади. Демакки, ушбу провинция ҳар йили анъанавий глобал иқтисодий форумга хақли равишда мезбонлик қилади. Анжуманинг расмий очилиш маросимида ташкилотчилар ва иштирокчи давлатлар ваколатли мутасаддилари ўз юртларидаги сармоявий муҳит, саноат, туризм салоҳиятига оид тақдимотларини намойиш қилишди. Шундан сўнг кўплаб маҳаллий ва ҳорижий бизнес вакиллари ўртасида аввал эришилган ҳамкорлик шартномаларини Хитой хусусиятига мувофиқ равишда рамзий имзолаш тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон айвонида ҳозирча миллий ҳунармандлик маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Тадбиркорларимиз бир неча ҳафта давом этадиган кўргазма мобайнида ўз таклифларини кенгайтириб боришларини маълум қилишди. Албатта бунда бизга қизиқиш билдираётган ҳамкорлар талаб ва истаклари инобатга олинади.
– Хитойда Ўзбекистонни яхши билишади, – дейди ХХР халқаро савдо корхонаси директори Тя Шу Цзе. – Ҳамкорлик ўрнатиш ёки мавжуд алоқаларни кенгайтиришга интилиш кучли. Дарвоқе, бу ердаги жаҳонга машхур, ақлли тиббий технология ишлаб чиқаришга ихтосослашган компания Марказий Осиё ҳудудида айнан Ўзбекистон билан шерик. Тошкентда йирик шўъба маркази фаолият олиб боради. Бундай мисоллар кўп. Кўргазма тафсилотига қайтамиз. Бу йил ташкилотчилар номдор компаниялар қатори, эндигина халқаро бозорга чиқаётган истиқболли бизнес вакилларига ҳам ўз салоҳиятини кўрсатиши учун кенг имкон яратди. Шунинг ҳисобига форум иштирокчилари сони сезиларли даражала ортиб, юздан зиёд давлат, мингга яқин катта-кичик бизнес субъектлари қатнашмоқда. Бу ҳақда дунёнинг, деярли, барча нуқталаридан келган журналистлар учун уюштирилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА мухбири
Ляонинг, Хитой