Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.

Иссиқкўлда сел: 500 га яқин уй вайрон бўлди

Қирғизистонда дам олиш кунлари кучли ёмғир ёғиб, Иссиқкўл вилоятига сел келди. Бу ҳақда яқин ҳамкоримиз “Kabar” ёзган.

Дастлабки маълумотга кўра, 497 уй, болалар боғчаси, тез тиббий ёрдам манзили, кутубхона ва аҳоли дам олиш масканлари зарар кўрган.

“Оқсой” қишлоғида тун пайти 30 уйни сув босди, саккиз киши, жумладан олти яшар бола эвакуация қилинди. Фавқулодда ҳодиса “Булан согот”, “Темировка” ва “Корумду” қишлоқларида ҳам кузатилди. Темировкада 100 дан ортиқ хонадон сув йўлида қолди.

Сел оқими “Булан согот” қишлоғидаги “Иссиқкўл-Аврора” санаторийси ҳовлисига ҳам кириб борган.

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги баёнотига кўра, табиий офатни бартараф этишда 358 нафар қутқарувчи, 59 махсус техника жалб этилган.

60 та уй тўлиқ тозаланган.

Айни пайт вилоятнинг Жети Огуз, Иссиқкўл ва Тон туманларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қутқарувчилар тозалаш ишларини давом эттирмоқда.

Қозоғистон маймун чечаги туфайли чегарада назоратни кучайтирди

Қозоғистон чегарасида, жумладан аэропортларда маймун чечаги туфайли назорат чоралари кучайтирилди. Касаллик қайд этилган давлатлардан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча касалланиш ҳолати кузатилмаганини таъкидлади. Шунга қарамай, тиббиёт ходимлари фуқароларга беморлар ва ёввойи ҳайвонларга нисбатан масофани сақлаш, қўлларни мунтазам равишда ювиш ва дезинфекция воситаларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.

Шунингдек, касалланиш ҳолати қайд этилган ўлкаларга, зарур бўлмаса, бормаслик тавсия этилди. Тошма, юқори ҳарорат ва бошқа белгилар пайдо бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозимлиги эслатилган.

Бир неча кун аввал Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечаги эпидемияси билан боғлиқ фавқулодда ҳолат эълон қилган. Бунга Африка қитъаси айрим ҳудудларидаги вазият назоратдан чиқиб кетгани сабаб бўлди.

Ўзбекистонда фуқароларни рўйхатга олиш бўйича

ягона тартиб жорий этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши, турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда қайд этилишича, амалдаги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқаролар яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишига оид ягона тартиб жорий этиш, шунингдек вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда, турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Энди Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда бошқа ҳудудлар учун алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди. Бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб жорий қилинади.

Депутатлар фикрича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши Ўзбекистон фуқаролари ва меҳмонларини рўйхатга олиш тартибини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарлик профилактикаси чораларини мақбуллаштиришга хизмат қилади.

Тожикистонда 2040 йилгача AI орқали ЯИМнинг 5 фоизи қопланади

Тожикистон 2040 йилга бориб сунъий интеллект ҳисобига ЯИМнинг 5 фоизини таъминлашга яқин турибди. Бу ҳақда “News Central Asia” нашри маълум қилди.

Яқинда мамлакат “Zehn AI” сунъий интеллект алгоритмини ишлаб чиқди. Шу ой бошида кашфиётни патентлаш жараёни бошлангани матбуот анжуманида эълон қилинган.

2021 йил Президент Эмомали Раҳмон мамлакатда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича Миллий стратегияни имзолаган. Ҳужжатда 2040 йилгача кўзланган мақсадга эришиш кўзда тутилган. Бунинг учун Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ҳузурида AI Кенгаши ташкил этилди. Тузилма Миллий AI стратегияси (NAIS)ни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Дастлабки “Zehn AI” концепцияси 2021 йил Стенфорд университетида ишлаб чиқилган. Афсуски, сунъий интеллектнинг ушбу янги модели иловаларда муваффақиятсизликка учради. Зеро, бундай модель яратиш нафақат тарихий, балки ўзгартирилган тақсимот асосидаги маълумотни ҳам яратишга нисбатан инновацион ёндашувни талаб қилади.

Сунъий интеллект билан боғлиқ илк патент қўлга киритилиши Тожикистон учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Бу мамлакатга соҳада етакчилар қаторига кириш имконини беради.

Матбуот анжумани пайти Тожикистон AI Кенгаши раиси Азизжон Азимий шундай деди:

– Биринчидан, Сунъий интеллект академияси кенгайтирилиб, нафақат Душанбеда, балки бошқа ҳудудларда ҳам фаолият бошлади. AI бўйича 300 дан зиёд мутахассис тайёрланди. Иккинчидан, иқтисодиётга сунъий интеллект чуқур кириб боряпти. Масалан, 10 давлатнинг 30 га яқин банки тожик стартапи томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект алгоритмидан фойдаланмоқда.

Ашхобод болалар дунёси марказига айланди

Айни кунларда Ашхободда узоқ кутилган “KidsExpo: ҳамма нарса болалар учун” халқаро кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Мамлакат Савдо-саноат палатаси ҳамда “Turkmen Expo” якка тартибдаги корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ёрқин тадбир болалар учун барча эзгуликларни бир нуқтада жамлади.

Пойтахтдаги “Garagum” меҳмонхонаси кўргазмалар залида бўлиб ўтаётган, 22 августга қадар давом этадиган тадбирда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг болалар ва мактаб ўқувчилари учун кенг турдаги товар ва хизматлари намойиш этилмоқда. Ташриф буюрувчилар ўйинчоқ ва кийим-кечакдан тортиб, ўқув қуролларигача энг сўнгги русумдаги маҳсулотларни кўришлари мумкин.

– “KidsExpo” кўргазмаси бизга оилалар билан мулоқот қилиш, маълумот алмашиш ва янги алоқалар ўрнатиш учун ажойиб имконият, – деди UNICEFнинг Туркманистондаги вакили ўринбосари Александру Нартеа.

Кўргазма бўлимлари соҳа ва йўналишларга қараб ажратилгани тақдим этилаётган товар ва хизматлар бўйича ҳаракатланишни осонлаштиради.

Ташкилотчилар ярмарка анъанага айланиб, Туркманистон болалари учун мўлжалланган товарлар саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирмоқда.

Ўткир МИРЗО тайёрлади, ЎзА