Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси Афғонистонга борди.
Ташриф доирасида Кобул шаҳрида Бош вазир вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, муваққат ҳукумат раҳбарининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотлар давомида давлатларимиз ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилига асослангани, Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қараши қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонда амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 йил қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси махсус резолюциясида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида алоқа ўрнатишда Афғонистон алоҳида ўрин тутиши эътироф этилган.
Шу маънода мамлакатимиз биринчилардан бўлиб Афғонистоннинг муваққат ҳукумати билан конструктив, ўзаро мақбул мулоқот йўлга қўйган.
Учрашувларда ана шу тамойиллар асосида ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, жумладан мис, темир, нефть-газ конларини биргаликда ўзлаштириш, шунингдек транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлар аро муносабатни янада чуқурлаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Савдо айланмасини жорий йил 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш имконияти мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бунда икки томонлама инвестицияни рағбатлантириш, имтиёзли савдо юритиш савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришга туртки бериши маъқулланди.
Томонлар ўзаро манфаатли мулоқотни мунтазам давом эттириш, муштарак саъй-ҳаракат билан муносабатни изчил ривожлантириш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида қатор ҳужжатлар имзоланди.
ЎзА