Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятига қилинган ташриф натижадорлигини ошириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитларни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
–Йиғилишда айтилган муаммоларнинг сабаби ҳам, ечими ҳам профессионал кадрлар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ, – деди давлатимиз раҳбари.
Касбга ўқитиш меҳнат бозоридаги талаб ва ёшлар қизиқишини ҳисобга олмасдан, мавжуд ўқитувчилар доирасида амалга оширилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ёшларнинг атиги 2 фоизи дуал таълим шаклида ўқитилади, вилоятдаги 30 минг корхонадан 350 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, холос. Натижада қуввати 28 минг ўқувчи бўлган коллеж ва техникумларга қабул 50 фоизга етмайди.
Шу муносабат билан қувватидан тўлиқ фойдаланмаётган ўқув бинолари ва хоналари тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижарага берилиши белгиланди. Тушган маблағлар биноларни таъмирлаш ва ускуналар харид қилишга сарфланади. Ягона шарт – бу ерда ёшларни касбга ўқитиб, ишли қилиш.
Мутасаддиларга бу имкониятдан фойдаланиб, бу йил 30 та коллеж ва техникумда хусусий ўқув курсларини бошлаш топширилди.
Мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда ёшлар ишлаб чиқараётган товарларни давлат хариди платформаларида сотишдаги чекловни олиб ташлаш вазифаси қўйилди.
ЎзА