Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти негизида Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил этилади.
Қарор билан:
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтининг асосий вазифалари;
2024-2027 йилларда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси»;
2024-2027 йилларда тарбия педагогикаси йўналишида илмий- тадқиқот ишларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич жаҳонда тан олинган ижтимоий-эмоционал таълим (Social and Emotional Learning – SEL) методикалари жорий қилинади.
Ижтимоий-эмоционал таълим методикаларини жорий қилиш доирасида:
умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари 5 та ижтимоий- эмоционал (ўз-ўзини англаш, ўз-ўзини бошқариш, ижтимоий хабардорлик, тенгдошлари билан муносабатларни шакллантириш ва масъулиятли қарор қабул қилиш) компетенцияларга ўргатилади ҳамда ушбу жараёнга ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари жалб қилинади.
Тарбия соҳасидаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи республика кенгаши фаолиятини ташкил этилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
умумий ўрта таълим муассасаларида «Фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти» мавзусида тарбия ҳафталикларини ўтказиб боради;
ота-оналарнинг фарзанд тарбияси борасидаги билимини оширишга қаратилган «Намунали ота-оналар мактаби» лойиҳаси амалга оширилади;
миллий тарбиянинг ҳудудий анъаналарини ўрганиш, тиклаш ва замонавий маънавий-ахлоқий тарбия тизимига жорий қилишга қаратилган илмий тадқиқотларни амалга оширилади.
2024 йил 1 декабрга қадар:
ўқувчиларда «Ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет»ни шакллантиришда «мактаб – ота-она – маҳалла» ҳамкорлиги занжирини яратиш бўйича илмий асосланган ўқув ва оммабоп услубий тавсиялар ишлаб чиқилади;
ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига оид дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган халқчил тилдаги адабиётлар яратилиши ташкил этилади.
2025 йил якунига қадар ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ёшлар тарбиясига оид рақамли контентларни жойлаштириш мақсадида «milliytarbiya.uz» электрон платформаси ва унинг мобиль версиясини ишлаб чиқилади ҳамда у замонавий ва қизиқарли контентлар билан тўлдириб борилади.
ЎзА