ОИВ инфекцияси бугунги кунда деярли барча минтақаларни қамраб олди ва бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг муаммосига айланди.
ОИВ инфекцияси-одам иммунтанқислиги вируси (ОИВ) қўзғатадиган юқумли касаллик бўлиб, иккиламчи касалликлар туфайли бемор ўлимига сабаб бўладиган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) ривожланиши билан таърифланади.
ОИВ инфекциясининг асосий хусусияти унинг узоқ вақтгача ҳеч қанақа асоратларсиз кечиши бўлиб топилади. ОИВни юқтирган кишилар узоқ йиллар давомида ўзларини соғлом ҳис қилишлари мумкин. Булар ОИВ юқтирганлар дейилади ва инфекция манбаи ҳисобланади.
Касалликнинг белгиларсиз кечадиган даври 5-10 йил давом этади. Бу давр инфекция юқтирган кишининг ёши, юқиш йўли, организмнинг иммун ҳолати ва бошқа омилларга боғлиқ.
ОИВ инфекцияси асосан 3 хил йўл билан, яьни, жинсий, қон орқали ва ОИВ инфекцияли онадан болага юқиши тасдиқланган.
Ҳозирги кунда республикамизда 18-49 ёшлар ўртасида касалликнинг жинсий йўл билан юқиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Республикамизда ОИВ инфекциясининг аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ОИВ инфекциясига таъллуқли Қонун, қарорлар, бўйруқлар ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шум жумладан, жорий йилнинг 4 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 14-сонли Қарори ва давлат дастурида белгиланган БМТнинг 95-95-95 стратегиясига эришиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 24 январдаги 7-сонли кўрсатма хати асосида ОИВ инфекцияси юқиши ва тарқалиши эҳтимоли юқори бўлган гуруҳлардан аҳолига ОИВ инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида, ушбу гуруҳлар ўртасида ОИВ инфекциясини фаол аниқлаш ва профилактик тадбирлар олиб бориш бўйича аҳоли ўртасида шаҳар ва туманларда (Турткул, Нукус ш, Хўжайли, Амударё, Шўманай, Беруний, Чимбой, Қараўзак, Тахиаташ ва Нукус туманлари) акциялар ташкил этилиб, 2024 йил 4 ойида 8846 нафар шахслардан қон намуналари олинди ва 1700 нафар ИФА, 7146 нафар экспресс-тест услубида таҳлиллар амалга оширилганлигин такидлаш лозим.
Шунингдек, аҳолининг турли қатламлари, айниқса ёшлар ўртасида ОИВ/ОИТС ва шу каби касалликлар бўйича хабардорликларини ошириш мақсадида, 2024 йил 4 ойи давомида давлат ва нодавлат муассасаларида ОИВнинг профилактикаси борасида 632 маъруза, 7 семинар, 97 давра суҳбати ва 1911 суҳбатлар ўтказилди, 11та мақола чоп этилди, 66та радиоэшиттириш, 9та телекўрсатувлар ташкил қилинди. Тадбир иштирокчиларига 31536 дона буклетлар, 14273 дона варақалар ва 740 дона плакатлар тарқатилди.
Республика миқиёсида фоалият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотлар билан комплекс чора-тадбирлар асосида ишлар давом этмоқда.
ОИВ инфекциясидан ҳеч ким ҳимояланмаган, бу касалликдан ўзингизни ва оила аъзоларингизни асранг!
М. Бекниязова,
Г.Хабипова,
Қорақалпоғистон Республикаси
ОИТСга қарши курашиш маркази шифокорлари.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги