НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 40 миллиард евро сармоя киритиш ниятида эканини тасдиқлади. Ушбу масала АҚШдаги саммитда муҳокама қилинади.

– Россиянинг махсус амалиёти бошланган 2022 йилдан буён “НАТО Украинага ҳар йили 40 миллиард евро ажратяпти, – деди Столтенберг. –
Бу даражани, яъни узоқ муддатга кафолатланган ҳар йилги молиялаштириш шартини зарур вақт давомида ушлаб туришимиз керак.

Маълумки, кўплаб давлатлар РФга қарши санкция қўллаши натижасида суверен активлар, хусусий инвесторлар маблағи – мамлакатнинг жами 300 миллиард долларга яқин валюта захираси музлатиб қўйилган. Ҳатто, айрим давлатлар томонидан ушбу маблағни турли мақсадда мусодара қилиш ҳақида ҳам гап бор. 2022 йил октябрь ойида ЕИ етакчилари Европа комиссиясига музлатилган актив ҳисобидан Украинани реконструкция қилишда фойдаланиш бўйича таклиф тайёрлашни топширди.

Кремль таъкидлашича, бундай қарорларни қабул қилиш “халқаро ҳуқуқнинг барча қоида ва меъёрларини бузиш сари қўйилган навбатдаги қадам” бўлади. РФ Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаракатни “ўғирлик” деб атади ва ЕИ нафақат хусусий шахслар маблағи, балки давлат активларини ҳам нишонга олаётганини таъкидлади.