Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 январдаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ушбу қарор асосида аҳоли ўртасида спорт синовларини ўтказиш ва унинг мезонларини ишлаб чиқиш белгиланиб, ўтган йиллар давомида халқимиз орасида, айниқса, ёшлар ўртасида спорт синовлари, жисмоний тайёргарлик тушунчалари кенг ёйилди. Бу эса саломатликни асраш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш тамойиллари мустаҳкамланишига таъсир этмоқда.
2023 йилда мамлакатимиздаги 416 та умумий ўрта таълим мактабидаги 9 365 нафар ўқувчидан ихтиёрий талаблар бўйича, 3 680 нафар ўқувчидан махсус талаблар бўйича спорт синовлари қабул қилингани жисмоний тайёргарлик ҳаракати йилдан йилга оммалашиб бораётганидан далолатдир.
Бундан ташқари ушбу ҳаракат турли давлат ташкилотлари, хусусий тизимлар, вазирлик ва идораларнинг ходимлари ўртасида ҳам ўтказила бошлангани соғлом турмуш тарзи ғоялари жамиятимизда ўз ўрнини топаётганини кўрсатади.
Хўш, 2024 йилда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари билан қанча ёш қамраб олиниши кутилмоқда?
Пойтахтимизда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг янги мавсуми бошланганига бағишланган тадбирда нафақат мактаб ёшидаги, балки 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли вакилларини қамраб олиш лозимлиги, айни ҳаракат саломатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши таъкидланди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири А.Икрамов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Ф.Боқиев жисмоний тайёргарлик даражаси халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мезони саналибгина қолмай, ҳар бир инсон саломатлигини баҳолашда, аҳолининг баркамоллигини таъминлашда, мониторинг қилишда, миллий генофондимизни тизимли тарзда соғломлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши айтилди.
Аҳолининг жисмоний қобилиятини аниқлаш ва рағбатлантириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ихтиёрий ва махсус талаблар асосида 11 та ёш тоифасидаги гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтказилади.
“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари 2024 йил март- апрель ойларида юртимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшларидан қабул қилинади.
Синовлар йил давомида 7-8, 9-10, 11-12, 13-15, 16-17, 18-29, 30-39, 40-49, 50-59, 60-69, 70 ва ундан юқори ёш тоифалари ўртасида ўтказилиши назарда тутилган.
Спорт синовларини муваффақиятли топширганлар “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони ҳамда I, II, ва III даражали дипломлар билан тақдирланади. Бу, юртимизда саломатлигини мустаҳкамлаганлар ҳамиша давлат эътиборида эканлигидан далолатдир.
Т. Рўзиев, ЎзА