Бугунги кунда мамлакатимизнинг номдор профессионал боксчилари дунёнинг турли давлатларида ўтказилажак жангларда муносиб натижаларга эришишга ҳозирлик кўрмоқда.
Шу билан бирга, бугун Жанубий Кореянинг Пучхон шаҳрида ташкил этилаётган бокс оқшомида ўзбекистонлик 8 нафар боксчи иштирок этмоқда. Мазкур бокс оқшомининг илк жангида ҳаваскор боксда юксак натижаларга эришган Ҳасанбой Дўсматовнинг укаси Фарёзбек Дўсматов профессионал боксдаги дебют жангини филиппинлик 28 ёшли Жовер Амистосонга қарши ўтказди. Жангнинг биринчи раундидаёқ рақибини нокаутга учратган Фарёзбек учун катта жангларнинг эшиги очилди дейиш мумкин.
Шахсан Ҳасанбой Дўсматов ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ўтган йилги Осиё ўйинларида “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган боксчимиз шу кунларда профессионал боксдаги навбатдаги жангига ҳозирлик кўрмоқда.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Тошкентда IBA чемпионлар оқшоми турнирида Ҳасанбой испаниялик Самуэль Кармона билан рўбарў келади.
Профессионал боксда ўз сўзини айтиб келаётган яна бир боксчимиз Отабек Холматов эртага, 3 март тонгда АҚШнинг Нью-Йорк штатида ярим енгил вазн тоифасидаги WBA чемпионлик камари учун америкалик Раймонд Форд билан тўқнаш келади.
Т.Рўзиев, ЎзА