Ҳурматли делегатлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Атроф-муҳит ва биохилма-хилликни сақлаш йўлидаги муҳим халқаро тадбир – Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси йиғилишининг барча иштирокчилари ва меҳмонларини самимий табриклайман.

Авваламбор, Конвенция котибияти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича дастурига ушбу нуфузли анжуманни мамлакатимизда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.

Жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири, бебаҳо меъморчилик дурдонаси ҳисобланган кўҳна Самарқандга хуш келибсиз!

Сўнгги йилларда ушбу қадимий ва бетакрор шаҳар қатор долзарб муаммолар бўйича мулоқотларнинг глобал марказига айланиб бормоқда. Мазкур форум Самарқанднинг экологик дипломатиянинг таъсирли марказларидан бири сифатида мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу ўринда 2023 йилнинг декабрь ойида бу ерда чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро анжуман ўтказилганини, жорий йил апрель ойида эса Марказий Осиёда иқлим ўзгаришларига бағишланган йирик форум ташкил этилишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Барчангизга яхши маълумки, ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари сайёрамиз экотизимларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Афсуски, ҳозирги кунда улар иқлим ўзгариши, яшаш жойларининг яроқсиз ҳолга келиши, ноқонуний ов ва савдо каби жиддий таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда.

Натижада ҳайвонларнинг генетик ресурслари қисқармоқда, уларнинг нодир ва ноёб турлари, табиий уйғунлик ва экотизимлар йўқолиб бормоқда.

Тадқиқотларга кўра, Ер юзидан сўнгги 50 йилда уларнинг 100 дан ортиқ турлари, Марказий Осиёда эса 26 турдаги қушлар, 12 турдаги сут эмизувчилар, жумладан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони ва бошқа эндемик турлар бутунлай йўқ бўлиб кетди.

Биохилма-хилликни келажак авлодлар ва барқарор ривожланиш учун сақлаш, инсон ҳаётининг табиат билан уйғунлигини таъминлаш – бизнинг умумий мақсадимиздир. Бу бутун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни, мувофиқлаштирилган ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Ўзбекистонда кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини сақлашга катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилди, янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди ва уларнинг самарали ижроси таъминланмоқда. Давлат бошқарув органлари, бизнес ва фуқаролик жамиятларининг ижтимоий масъулиятини оширишни қамраб олган институционал тизим мустаҳкамланмоқда.

Мазкур соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг энг илғор мактаби бўлган Фанлар академиясининг Зоология институти ўз фаолиятини қайта тиклади. Қисқа муддатда кўчиб юрувчи турларни ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қўриқланадиган табиий ҳудудлар уч каррага оширилиб, мамлакатимиз умумий майдонининг 14 фоизига етказилди. Ўзбекистоннинг нодир табиат ландшафтлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мерос рўйхати, Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига ва Рамсар конвенцияси объектлари рўйхатига киритилди.

Ёввойи ҳайвонларни парвариш қилиш учун янги питомниклар ташкил этилди. Ноёб қуш турлари ва сут эмизувчиларни ўз яшаш маконларида кўпайишини қайта тиклаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар яратилгани ўсимликлар хилма-хиллигини ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш имконини бермоқда.

Ўзбекистон 2024-2027 йилларда Конвенцияга раислиги даврида кўчиб юрувчи ҳайвон турларини ҳимоя қилишга ўзининг бутун куч ва салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилишга тайёрдир. Биз Самарқандда бу борада келгусидаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган 2024-2032 йилларга мўлжалланган Янги стратегик режа тасдиқланаётганини олқишлаймиз.

Шунингдек, Ҳайвонларнинг кўчишига тўсиқлардан холи экологик йўлакларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни  қўллаб-қувватлаймиз.

Инфратузилма объектлари – автомобиль ва темир йўллар, газ қувурлари ва чегара иншоатларининг қурилиши ёввойи ҳайвонлар миграциясига салбий таъсир кўрсатишини камайтириш учун экологик баҳо берилиши бўйича талабни кучайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон трансчегаравий табиий парклар яратиш бўйича минтақа мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда ва улар сонини кескин кўпайтириш ниятидамиз.

Бир вақтлар Устюрт платоси кенгликларида яшаган ва инсон омили таъсирида йўқолиб кетган Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштиришни бошлаш ниятидамиз. Олимлар ва экспертларни бу йўналишда ҳамкорликка чорлаб қоламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Тошкентда ўз ваколатхонасини очиш бўйича қарори учун алоҳида ташаккур айтмоқчиман. Биз ташкилотнинг минтақамиз флора ва фаунасини сақлаб қолишдек хайрли фаолиятига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Бугунги конференцияда қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши кўчиб юрадиган ёввойи ҳайвонларни сақлаш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бу йўлдаги шарафли ва масъулиятли ишларингизда сизларга катта омадлар, куч-ғайрат ва янги муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти