Спортимиз фидойилари
Армрестлинг спорт тури илк бор АҚШда 1950 йили пайдо бўлиб, Боб О`лери унинг шаклланишида катта роль ўйнаган. Бу спорт тури дастлаб юк машина ҳайдовчилари орасида кенг тарқалган. Биламизки, юк машина ҳайдовчилари узоқ йўлларга юриш асносида турли жойларда тўхтайди. Шу вақтда ўзаро низоларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида армрестлинг спорт тури ўйлаб топилган.
1977 йилдан бошлаб мазкур спорт тури бўйича жаҳон чемпионати мунтазам ўтказиб келинади. Сирдарё вилоятида ҳам бу спорт тури билан шуғулланувчилар кўп. Иккинчи гуруҳ ногирони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, “Она замин” мукофоти совриндори, “Жасорат” медали, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Умиджон Аҳмедов ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келади. У 17 карра Ўзбекистон, 11 карра жаҳон чемпиони, деган юксак шарафга мушарраф бўлган. Умиджон яқинда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этди ва бронза медалини қўлга киритди.
– Гулистон шаҳридаги спорт мактабида 1998 йилдан буён армрестлинг мураббийи сифатида фаолият олиб бораман. Ўтган йиллар ўзим ва шогирдларим учун муваффақиятли йил бўлди. Шогирдларим орасида шу вақтгача 17 карра Осиё чемпиони, 3 карра жаҳон чемпиони, бир нафар кумуш медали совриндори, кўплаб Ўзбекистон чемпионлари бор. Сирдарё вилоятини илк бора дунё ҳамжамияти армрестлинг спорт тури бўйича таниган, десам, хато эмас, – дейди Умиджон Аҳмедов. – Биргина Гулистон шаҳридаги спорт мактабида 2 500 га яқин спортчи армрестлинг билан шуғулланади. Бугунги кунда ноолимпия спорт турлари қисқартирилмоқда. Бунинг натижасида Гулистон шаҳрининг ўзида минглаб спортчилар фаолиятини тугатишига тўғри келади. Буни вилоятимиз миқёсида ва республика даражасида ҳисобласак, жуда катта рақамлар келиб чиқади. Ёш спортчилардан фарқли равишда мураббий, спортчилар нима билан шуғулланишади? Бўш қолган йигит-қизларимиз нима қилади? Раҳбариятимиз ноолимпия спорт турларига ҳам жиддий эътибор қаратса. Олимпиада ўйинларига бориш учун барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантирилади. Мана шундай эътибор ноолимпия спорт турлари спортчиларига ҳам кўрсатилса яхши бўлар эди. Ёшим 45 га кирди. Шу вақтгача спортни тарк этмаганим боиси, ёш авлодга ногирон бўлсам-да, мотивация бериш.
Чиндан ҳам, бугун Гулистонда ёшлар 70 га яқин спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Улардан 50 дан ортиғи ноолимпия спорт турларига киради. Ўзбекистон ва халқаро майдонларда ноолимпия спорт турлари спортчиларининг кўрсатаётган натижалари ҳам анча салмоқли.
От ўрнини той босар, дейишади. Таниқли спортчининг фарзанди ҳам ота изидан бормоқда. Катта фарзанди Хондамир 10-синф ўқувчиси. 2022 йилда армрестлинг бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, Осиё кубоги кумуш медали совриндори, спорт устаси, халқаро тоифадаги спортчи, деган номларни қўллга киритган.
Биз билан суҳбатда Умиджон Халқаро олимпиада қўмитасига Жаҳон армрестлинг федерацияси томонидан бу спорт турини олимпиада ўйинларига киритиш таклифи берилганини айтиб қолди. Агар таклиф қабул қилинса, 2028 йилда Лос-Анжелес олимпиадасида армрестлинг ўйинларида унинг шогирдлари иштирокига гувоҳ бўлишимиз, шубҳасиз.
Яна бир маълумот, жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Осиё кубоги мусобақалари бўлиб ўтади. Унда мураббийнинг 8 нафар шогирди ва вилоят миқёсида эса 20 нафардан ортиқ армрестлингчи қатнашиши кутилмоқда.
Биз юксак жасорат ва метин ирода соҳиби Умиджон Аҳмедовнинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири