Фарғонада футзал бўйича миллий жамоалар ўртасидаги 2024 йилги Осиё кубоги саралаш учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Унда Ироқ, Малайзия, Комбоджа ва Ўзбекистон жамоалари баҳс олиб бормоқда.
Мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Футзал бўйича ҳам миллий жамоамиз салмоқли натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2023 йил учун календарь режасига кўра, Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида футзал бўйича миллий жамоалар ўртасидаги ўйинлар қизғин кечмоқда.
Ўтказилаётган саралаш турнири гуруҳ босқичи 2-турида ўзбекистонликлар Малайзия миллий жамоасини 4:3 ҳисобида мағлуб этишди. Натижада Ўзбекистон миллий жамоаси икки ўйиндан сўнг 6 очко жамғариб, Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди. 1-турда ўзбекистонликлар Камбоджа устидан 6:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Якуний турда Ўзбекистон ва Ироқ миллий жамоалари баҳслашади. Ироқликлар ҳам 6 очко билан аллақачон Осиё кубоги йўлланмасига эга бўлган. Икки жамоа ўйини фақат гуруҳ ғолибини аниқлаб беради.
2024 йилги Осиё кубоги 17-28 апрель кунлари Таиландда ўтказилади. Мусобақа 2024 йил сентябрь-октябрь ойларига режалаштирилган жаҳон кубогига саралаш турнири вазифасини ҳам бажаради. Мусобақанинг энг яхши 4 та жамоаси «мундиал» йўлланмасига эга бўлади.
2024 йилги жаҳон кубоги Ўзбекистонда ўтказилади. Шу боис, Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубогида қандай натижа кўрсатишидан қатъий назар, мезбон сифатида ушбу турнирда иштирок этади.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат),
ЎзА мухбирлари