19-Осиё ўйинларида 40 та спорт турининг 61 та йўналишида мусобақалар ўтказилаётган бўлса, улар орасида миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган кураш беллашувлари ташкил этилгани Ўзбекистон спорт ҳаракатининг халқаро майдондаги ўзига хос ғалабаси бўлди, дейиш мумкин.
«Ханчжоу-2022» ўйинлари мобайнида қитъанинг 45 та давлат спортчилари кураш мусобақаларида ўз омадини синаб кўрди.
Шиддатли ўтган беллашувлар якунида тўққизта давлат вакиллари 19-Осиё ўйинларининг медаллари билан тақдирланди.
Медаллар жамғариш борасида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалга эга чиққан ҳолда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Ҳамюртларимиздан кейинги ўрин 2 та олтин медални қўлга киритган Хитой терма жамоасига насиб этди.
Эрон Ислом Республикаси терма жамоаси 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлиб, кучли учликка якун ясади. Кураш мусобақаларида ўз маҳоратини намойиш этган Жанубий Корея, Туркманистон, Таиланд ва Қозоғистон спортчилари ҳам совринли ўринлардан жой олди.
Курашнинг халқаро ривожига муносиб ҳисса қўшган мамлакатимиз спорт делегацияси эртага Тошкентга қайтиб келади.
Т.Рўзиев, ЎзА