Хитойлик хакерлар АҚШ Давлат департаментининг айрим ходимлари почталарини бузиб кириб, 60 мингга яқин электрон ёзишмани қўлга киритган. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

АҚШ Конгресси Сенатидаги манба айтишича, ташқи сиёсат маҳкамаси ходимлари америкалик қонуншуносларни Давлат департаменти электрон сервисидаги ўнта ҳисобот журнали бузиб кирилгани тўғрисида хабардор қилган.

Ходимлар ҳақида маълумот келтирилмаган, аммо улар Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси масалалари билан шуғулланиши таъкидланган.

Июль ойида «The Wall Street Journal» нашри АҚШнинг Хитойдаги элчиси Николас Бернс ва Қўшма Штатлар Давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани масалалари бўйича ёрдамчиси  Дэниел Критенбринкнинг электрон почтасига хитойлик хакерлар ҳужуми ҳақида ёзган эди.