Осиё ўйинларининг қизғин курашларга бой тўртинчи кунги баҳслари ҳам бошланди. Бугун, 27 сентябрь кунги мусобақалар давомида 47 та медаллар жамланмаси ўз эгаларини топади.

Ўзбекистон спортчилари кун давомида сузиш, велоспорт, қиличбозлик, гимнастика, дзюдо, шахмат, киберспорт, сузиш, ўқ отиш, таэквондо, ушу, бокс мусобақаларида иштирок этади.

Ҳозиргача ўтказилган беллашувлар сарҳисобига кўра, Муроджон Юлдошев, Давлат Бобонов, Алишер Юсупов, Рината Илматова, Диёра Келдиёрова, Гулноза Матниёзовадан иборат терма жамоамиз аъзолари Таиланд жамоасини доғда қолдирди. Ярим финалда Хитойни 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди ва финалга йўл олди. Энди дзюдочиларимиз олтин медаль учун Япония вакиллари билан рўбарў келади.

100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича финал баҳсида ўзбекистонлик Элдорбек Усмонов иштирок этади. Ушбу мусобақа кунинг иккинчи ярмида бўлиб ўтади. Қиличбозлик бўйича рапира йўналишидаги эркаклар терма жамоамиз чорак финалда Хитойга қарши баҳс олиб борди ва 26:45 ҳисобида имкониятни бой берди.

Теннисчимиз Ҳумоюн Султонов яккалик баҳслари чорак финал ўйинини ўтказмоқда. Хитой Тайпейи вакилига қарши кечаётган баҳсда у биринчи сетда 4:6 ҳисобида имкониятни бой берди.

Сузувчимиз Егор Петряков 200 метрга эркин усулда сузиш бўйича саралаш босқичида 1:52:00 натижани қайд этди. Петряков бу натижа орқали ўз саралаш гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритди, аммо бу натижа Егорнинг финалга чиқиши учун етарли бўлмади.

Бугун кун давомида таэквондо беллашувларида терма жамоамиз аъзоларидан Жасурбек Жайсунов, Феруза Содиқова ва “Токио-2020” Олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитов медаллар учун кураш олиб боради.

Шунингдек, кун давомидаги саралаш муксобақаларида гандболчи йигитларимиз “С” гуруҳида Баҳрайн жамоаси билан, аёлларимиз эса Қозоғистон вакиллари билан куч синашади. Бокс баҳсларида 50 килограммда ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Сабина Бобоқулова нимчорак финалда сингапурлик Матиал Даниша билан, йигитларимиздан Руслан Абдуллаев — Чинзориг Батарсух (Мўғулистон), Лазизбек Муллажонов — Санжиит (Ҳиндистон) билан кейинги босқич масаласини ҳал этади.

Шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нилуфар Якуббоева, Умида Омонова ўтказадиган мусобақалар ҳам кун давомидаги энг эътиборли мусобақалар сирасига киради. Умид қиламизки, Осиё ўйинларининг бугунги баҳсларида ҳам ҳамюртларимиз совринли ўринларга эга чиқиш учун бор имкониятларини ишга солишади ва ғолиб бўлишади.

Т.Рўзиев, ЎзА