Ханчжоу шаҳрида ўтаётган XIX Осиё ўйинларининг навбатдаги куни ҳам якунланмоқда.
Бугунги кунги баҳсларда делегациямиз ўқ отиш, дзюдо, теннис, бокс, 3х3 баскетбол, академик эшкак эшиш, футбол, гандбол, сузиш, сув полоси, таэквондо WT, қиличбозлик, шахмат ва ушу спорт турлари бўйича баҳсларда иштирок этди.
Ҳозирга қадар ўтган беллашувларда спортчиларимиз 3 олтин, 1 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақаларнинг тонгги дастурида академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида ўтган яккалик дастурида ҳамюртимиз Анна Пракатен, мазкур спорт турининг М4- йўналишида Шеҳроз Ҳакимов, Давржон Давронов, Дилшоджон Худойбердиев ва Алишер Турдиев квартети марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди ва олтин медални қўлга киритди.
Академик эшкак эшиш бўйича М4Х йўналишида иштирок этган Шаҳзод Нурматов, Шаҳбоз Холмурзаев, Меҳрожбек Маматқулов ва Собиржон Сафаралиев тўртлиги делегациямиз ҳисобига кумуш медални тақдим этди.
Шу тариқа академик эшкак эшувчиларимиз Осиё ўйинларидаги иштирокларини якунлади. Спортчиларимиз мусобақа давомида 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, мазкур дастурда Хитойдан сўнг иккинчи ўринни эгаллади.
Бугунги куннинг навбатдаги олтин медали дзюдо бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Муроджон Йўлдошев томонидан қўлга киритилди. Полвонимиз 73 килограмм вазн тоифасининг финал беллашувида япониялик Соити Хасимотони мағлубиятга учратди ва Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Дзюдо бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда Гулноза Матниёзова Хитой Тайпейи вакили Ю Жунг Лиаони 10:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги бронза медалини тақдим этди.
Таэквондо баҳсларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Мадинабону Маннопова бронза медалига сазовор бўлган бўлса, эркаклар ўртасидаги жамоавий аралаш баҳсларида Шуҳрат Салаев, Жасурбек Жайсунов, Светлана Осипова ҳамда Озода Собиржоновадан иборат жамоа бронза медалини делегациямизга келтирди.
Осиё ўйинларининг футбол мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси “C” гуруҳида Гонконг термасини 2:1 ҳисобида енгиб, 6 очко билан биринчи ўриндан жой олди ва плей-офф босқичида Индонезия терма жамоасига қарши майдонга тушадиган бўлди. Шунингдек, шахмат баҳсларида Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров ўзаро дуранг қайд этди. Умида Омонова мўғулистонлик рақибидан устун келди. Нилуфар Ёқуббоева эса ҳиндистонлик рақиби билан дуранг ўйнади. 3х3 баскетбол баҳсларида қизларимиз Ҳиндистонни 19:14 ҳисобида мағлуб этди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларида қитъанинг 45 давлатидан 12 минг 417 нафар спортчи иштирок этмоқда. Унда Ўзбекистон спорт делегацияси 38 спорт тури бўйича 370 нафардан зиёд спортчи билан иштирок этмоқда. 32 та олимпия, 6 та ноолимпия спорт турлари бўйича медаллар учун кураш олиб бормоқда.
Ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси 4 тадан олтин, кумуш ва 6 та бронза, 14 медаль жамғарган ҳолда тўртинчи поғонада бормоқда. Медаль жамғариш борасида Хитой спортчилари 34 олтин, 17 кумуш ва 8 бронза билан биринчи бўлиб турибди. Жанубий Корея делегацияси 8 та олтин, 9 та кумуш, 10 та бронза билан иккинчи, японияликлар эса 5 олтин, 12 кумуш ҳамда 11 бронза билан кучли учликни якунламоқда.
Эртага, 26 сентябрь куни спортчиларимиз бокс, шахмат,чим устида хоккей, дзюдо, қиличбозлик, таэквондо, теннис, сув полоси, спорт гимнастикаси ва ушу каби бир қатор спорт турлари бўйича ўтадиган баҳсларда иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири