Дунёда инсон учун икки нарса мукаррам ва муқаддас – бири нон бўлса, иккинчиси китоб. Нон инсон танасига куч-қувват беради, китоб эса маънавий қудрат.

Айни кунларда  Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Андижон вилоятида давом этаётган “Янги ҳаёт учун. Янги Ўзбекистон учун” шиори остидаги “Маънавият фестивали” иштирокчилари бунга амин бўлмоқда.

Фестивал доирасида Марҳамат туманидаги “Келажак нури” ахборот-ресурс марказида Оқил Салимовнинг  “Янги Ўзбекистон давлати” номли китоби ва Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан  тайёрланган “Янги Ўзбекистон” плакатлари  ҳамда “Янги Мўйноқ” китоб – альбоми  тақдимоти бўлиб ўтди.

Академик Оқил Салимовнинг янги китобида Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий  давлат сифатидаги  янгича конституциявий мақоми, маърифатли жамият барпо этиш билан боғлиқ ижодий воқеликлар ёрқин, фалсафий хулосалар ҳамда аниқ ҳаётий далиллар асосида ифода этилган.

“Янги Ўзбекистон” плакатлар  тўпламида акс этган суратлар эзгу ғоя ва ташаббусларнинг амалий исботи бўлди.

Китобнинг “Ижтимоий давлат одимлари”, “Маърифатли жамият сари”, Янги Ўзбекистон жаҳон меҳварида” деб номланган уч қисмида Янги Ўзбекистон даври ўзининг бутун кўлами, мазмун – моҳияти билан бутунлай янги типдаги ҳаёт, назарий – фундаментал ва амалий жиҳатдан янгиланган  давлатчилик асосларининг юзага келиши, бошқарув тизимида очиқлик муҳитининг пайдо бўлиши ва унинг реал воқеликка айланиши билан боғлиқ жараёнлар тилга олинган.

Улуғ мақсадлар билан буюк келажак сари Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболи, қардош қорақалпоқ халқининг азалий қадриятлари – Оролбўйининг  нурафшон тўйлари, туркий тилли давлатлар халқларининг ягона тақдири, муштарак мақсадлари, ҳар қандай тараққиёт халқ даҳолик қудратининг натижаси экани, Янги Ўзбекистоннинг цивилизациялашган янги фуқаролари шаклланишида зиёлилар олдига қўйиладиган вазифалар ҳақида холис ва адолатли мулоҳазалар келтирилган.

Муаллиф Ўзбекистоннинг энг янги тарихида Ренессанс даври бошлангани, бу давр давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бошланган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” Концепциясига асосланиши, маърифат, тафаккур ва онг сарчашмаси экани, халқни  рози қилиш давлатчиликнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб қолганини, таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг  якка-ю ягона тўғри йўли экани ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

“Янги Мўйноқ” китоб – альбоми Мўйноқ туманининг кеча ва бугуни, тарихий ўзгаришлар ва эришилган ютуқларига бағишланган.

Мазкур китоб Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг кейинги беш – олти йилликда халқнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг кўринишлари  ҳамда ижтимоий – иқтисодий, маданий – маърифий ҳаётидаги эришилган натижалар, бир пайтлар унутилиб, эътибордан четда қолган Мўйноққа бугун жўшқин ҳаёт қайтганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Тақдимотда сўзга чиққан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов хар иккала асар тарғиботчилар учун юксак маънавий  ракурсдаги  манба бўлишини таъкидлади.

Нуронийлар кенгаши Андижон вилояти раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  ёшлар мураббийси Ўктамжон Охунов андижонлик зиёлилар, илму ижод аҳли учун  мазкур асарлар ва плакатлар зарурий  дастуриламал  экани ҳақида  гапирди.

Ўзбекистон халқ артисти Одинахон Ғозиева, таниқли олимлар Олим Тошбоев, Феруза  Муҳитдинова, Марҳамат тумани “Келажак нури” кутубхонаси директори Зулфира Давлатовалар эса  бугунги кунидан рози, эртанги кунига ҳаётбахш умидлар билан яшаётган  Андижон халқини истиқлол байрами билан муборакбод этди.

Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Кўнгилдаги ободликлар кўнгилларга шеъру қўшиқлар, яхши ниятлар  билан кўчаётган  учрашувлар водийнинг  Фарғона, Наманган вилоятларида давом этади.

Сайёра  Тўйчиева,  

Ўзбекистон Ёзувчилар  

уюшмаси аъзоси, шоира.

ЎзА