ЖССТ эълон қилган ахборотга кўра, дунё бўйича сўнгги тўрт ҳафтада коронавирус юқиши билан боғлиқ 1 422 538 ҳолат қайд этилган, 2 366 киши касаллик қурбонига айланган, хасталик 104 мамлакатда кузатилган.
Қайд этилишича, фавқулодда вазият бекор қилинганига қарамай, COVID-19 ҳамон инсониятга жиддий таҳдид соляпти. Шу боис ташкилот мамлакатларни олдиндан огоҳлантириш, эпидемия назорати ва ҳисобдорликни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Мурожаатда коронавирус вариантларини кузатиб бориш, эрта клиник ёрдам кўрсатиш, юқори хавф гуруҳида кучайтирувчи эмлаш, вентиляцияни яхшилаш зарурлиги ҳам айтиб ўтилган. Айниқса, омикрон-штаммининг EG.5 шакли тез тарқаётганидан хавотир билдирилган. 17 август ҳолатида ушбу вариант дунёнинг 50 мамлакатида қайд этилган. Касалланиш ҳолатининг 97 фоизи Ғарбий Тинч океани минтақасига тўғри келмоқда.
COVID-19 билан боғлиқ фавқулодда вазият тартиби 2020 йил январь ойида бошланиб, 2023 йил 5 майгача давом этган. Дунё бўйича коронавирус билан боғлиқ жами 769 774 646 касалланиш ҳолати рўйхатга олинган, 6 955 141 киши офат қурбонига айланди. Жорий йил май ойида Женевада бўлиб ўтган брифингда ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус коронавирус туфайли вафот этганлар сони, аслида, 20 миллиондан кам эмаслигини таъкидлаган эди.
ЎзА