Биологик таҳдидлардан ҳимояланиш ҳолати бўйича Пентагон тақдим этган маърузада бир неча мамлакат, жумладан, Россия биологик қурол ишлаб чиқариш дастурини давом эттираётгани келтирилган.

“АҚШнинг фикрича, Шимолий Корея ва Россия биоқуроллар ва токсинлар бўйича конвенция доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятга амал қилмай биологик ҳужум қуролларини яратиш бўйича дастурни давом эттирмоқда. Шунингдек, АҚШ Эроннинг фаоллигидан ҳам хавотир билдиради”, – дейилади ҳисоботда. Шу билан бирга, Пентагон бераётган баҳоси айнан нимага асосланишига аниқлик киритмаган.

Пентагоннинг таъкидлашича, “ХХР, Россия, Шимолий Корея ва Эрон анъанавий патогенлар ва токсинларни ишлаб чиқариш ва фойдаланиш учун билим ва имкониятларни қўллаб-қувватламоқда”.

Америка мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Россия собиқ иттифоқ  даврида шундай  дастурлар бўлганини тўлиқ тан олгани йўқ. Улар демонтаж қилингани бўйича ҳам далил келтиргани йўқ. Катта эҳтимол билан иккиламчи мақсадда ишлатса бўладиган биотадқиқотларни ҳимоя қилиш бўйича махфий саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда.

Ўз  навбатида, Кремль ҳам АҚШ биолабораториялари дунёнинг кўпгина мамлакатларида фаолият кўрсатаётганини таъкидлаб келади.