Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, илмий тадқиқотлар мавзуларини шакллантириш, илм-фан натижаларини амалиётга жорий қилиш, кадрлар тайёрлашда агрокластерлар, кооперативлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг реал эҳтиёжларини инобатга олиш механизми жорий этилади ва ушбу тизим 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб амал қила бошлайди.
Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик, илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни жорий қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари янги ташкил этиладиган агрокластерлар, кооперативлар ва соҳадаги бошқа йирик корхоналар фаолиятини ташкил этишда лицензия ва рухсат этиш тартиб-таомиллари шартларидан бири этиб белгиланади.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳузурида халқаро молия институтларининг грантлари ҳисобидан илмий-инновацион гуруҳлар томонидан илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ютуқларини жорий этиш ва тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд ташкил этилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар бўйича хорижий ва маҳаллий тажрибани ўрганган ҳолда илмий лойиҳалар ва диссертациялар мавзуларини шакллантириш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Соҳадаги диссертациялар мавзулари муаммоларнинг илмий-амалий ечимига қаратилган бўлиши, уларнинг натижадорлигини таъминлаш, амалиётга татбиқ қилиш учун масъулият ушбу лойиҳа тайёрланган муассасалар зиммасига юклатилади.
2023 йил 1 октябрдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги барча тадқиқотлар «Озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқланиш ва маҳсулотлар зарарсизлиги», «Иқлим ўзгаришига мослашиш ва оқибатларини юмшатиш», «Фермерлар даромадини ошириш ва қўшилган қиймат яратиш» йўналишлари бўйича белгиланган дастурлар доирасида олиб борилади.
2023 йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаси бўйича 2024-2027 йилларга мўлжалланган фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион илмий-техник лойиҳалар шакллантирилади ва уларнинг грант танловлари белгиланган тартиб ва муддатларда ўтказилиши таъминланади.
Қарорга мувофиқ, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ҳузурида Буюк Британия таълим тизими асосида ихтисослашган Халқаро мактаб, шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали негизида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ташкил этилади.
ЎзА