Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Халқаро ҳафталик доирасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти” халқаро конференцияси ташкил этилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг сўзларига кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг мустаҳкам норматив базаси шакллантирилди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш мақсадида пахта майдонлари ҳамда янги интенсив боғ, узумзор ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий этишда харажатларнинг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш амалиёти илк маротаба жорий этилди. Натижада сўнгги 5 йилда 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан 400 минг гектар – томчилатиб, 31 минг гектар – ёмғирлатиб, 16 минг гектар – дискрет, 73 минг гектар – эгилувчан қувурлар орқали, 36 минг гектар – плёнка тўшаб суғориш ҳамда 452 минг гектарда лазерли текислаш технологиялари жорий қилинди. Натижада йилига 4,5 миллиард м3 сув иқтисод қилиш имконияти яратилди.
Ички бозорни ғалла билан кафолатли таъминлаш тизими жорий этилиб, 4,5 миллион тонна ғалла фермерлар ихтиёрида қолди. Экинларнинг янги серҳосил навли уруғлари экилиши, ерларнинг лазерли текисланиши, замонавий агротехнологиялар жорий этилиши натижасида пахта ҳосилдорлиги 24,2 центнердан 34 центнерга, бошоқли дон ҳосилдорлиги 57,6 центнердан 69,7 центнерга етди.
Мева-сабзавотлар майдони 470 минг гектарга ошди, 75 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар ва 3 минг 700 гектар замонавий иссиқхоналар барпо этилди. 200 минг гектар пахта-ғалла қисқариб аҳолига берилди. Мева-сабзавот ишлаб чиқариш 20 фоизга ошиб, 22,5 миллион тоннага етди. Ғалла ҳосилдорлиги 57 центнердан 70 центнерга ошди ва 2023 йил ялпи ишлаб чиқариш 8,1 миллион тонна кутилмоқда. Умуман қишлоқ хўжалигида йиллик ўсиш ўртача 5 фоизни ташкил этмоқда. “Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги” индексида Ўзбекистоннинг ўрни 113 та мамлакат орасида 12 поғона кўтарилиб (85 дан 73 га), энг юқори ўсишга эришган 10 та мамлакат ичида 1-ўринни эгаллади.
Озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 124 фоизга, аҳоли жон бошига ҳажми 1,3 баробарга ошган. Қишлоқ хўжалиги техникаларининг модернизацияланиши ҳисобига чигит экиш мавсумини 25 кундан 15 кунга, ғалла ўриш мавсумини 30 кундан 25 кунга қисқартириш ҳамда шудгорлашни 25-30 кунда якунлашга имкон яратилди, ҳосилдорлик 10-15 фоиз ошишига эришилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА