Мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Бош вазир ўринбосари ва Президент девони вазири Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлиги хабар қилди.

Қаср Ал-Ватан мажмуасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида давлатларимиз ўртасидаги муносабатни ривожлантириш, икки дўст халқ янада кўпроқ тараққиётга, эзгулик ва фаровонликка эришиши учун турли соҳалар, хусусан, иқтисодиёт ва сармоявий йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабати, бир қатор минтақавий ва халқаро масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ол Наҳаён БАА Ўзбекистон билан алоқаларни чуқурлаштириш, умумий манфаатга хизмат қиладиган барча соҳаларда ҳамкорлик уфқини янада кенгайтиришга интилишини тасдиқлади.

Ўз навбатида, Б.Саидов республикамиз БАА билан стратегик шерикликни қўллаб-қувватлашдан, турли масалалар бўйича икки томонлама мувофиқлаштириш жараёнини мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА