Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси, шунингдек, солиқ сиёсатини, шу жумладан, давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари билан адолатли, халқаро андозаларга жавоб берадиган қулай солиқ тизими яратилди.
Хусусан, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш мақсадида солиқ турлари 16 тадан 9 тагача камайтирилди.
Олий Мажлис Сенатида “Ишбилармонлик муҳитини яхшилашда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш” мавзусида ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этган семинарда тадбиркорлик фаолияти учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. 2019 йил 1 январдан бошлаб мажбурий ажратмалар (3,2%) бекор қилинди.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизга, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг иш ҳақидан олинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди ҳамда солиқ ставкаси 22,5 фоизгача бўлган 4 поғонали даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз этиб белгиланди.
Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 трлн. сўм солиқ тўлашдан озод этилди.
Иқтисодиётга солиқ юкини адолатли тақсимлаш ҳамда қўшилган қиймат солиғи занжири узлуксизлигини таъминлаш мақсадида товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган солиқ тўловчилар ҚҚС тўлаши белгиланди. Мазкур солиқ ставкаси 20 фоиздан бугунги кундаги 12 фоизга қадар туширилди ҳамда қўшилган қиймат солиғини қоплаб бериш амалиёти жорий этилди.
Солиқ юки камайгани туфайли умумбелгиланган солиқ тўловчилар сони 23 баробарга ортиб, 2018 йилдаги 7,6 мингдан 2023 йилда 178 мингга етди.
Расмий банд бўлган ходимлар сони 130 фоизга кўпайиб, 2018 йилдаги 3,9 млн. нафардан 2022 йил якунлари бўйича 5,1 млн. нафарга етди.
Юридик шахс сифатида мол-мулк солиғини тўловчи корхоналар сони 2018 йилдаги 9,2 мингтадан 2023 йилда 77,3 мингтага етиб, 8,4 баробарга ошди.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган енгиллик ва имтиёзлар натижасида уларнинг ихтиёрида 2017-2021 йилларда 119,5 трлн. сўм, 2022 йилда 72,9 трлн. сўм маблағ қолдирилди.
Семинарда ишбилармонлик муҳитини яхшилашда солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш мақсадида қўшилган қиймат солиғини қайтариш механизмини соддалаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг “солиқ тарихи” бўйича тегишли давлат органлари билан биргаликда марказий маълумотлар базасини яратиш бўйича фикрлар билдирилди.
Аҳоли бандлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида хусусий секторда солиқ юкини пасайтириш орқали норасмий бандлик амалиётига барҳам бериш ва барча учун адолатли, шаффоф ва мутаносиб солиқ тизимини яратиш юзасидан мулоҳазалар айтилди.
Н.Абдураимова, ЎзА