ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилаётган маданият кунлари янги ташаббусларга асос бўлмоқда. Шу муносабат билан йўлланган Президентимизнинг табриги халқаро миқёсдаги бу тантаналарга ўзгача руҳ, янада кўтаринкилик бағишлади.

Бўлиб ўтган мулоқотлар давомида туркий тилли давлатларнинг вакиллари ҳамкорликнинг галдаги истиқболларини белгилаб олди. Бу борада халқаро миқёсдаги тадбир иштирокчиларининг фикрлари қандай?

Султон Раев, ТУРКСОЙ бош котиби:  

– Биз Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири билан биргаликда мамлакатингиз ва ТУРКСОЙ давлатлари маданий-маърифий ҳамкорлигининг айрим жиҳатларини кўриб чиқдик. Келгусида биргаликда амалга оширилиши керак бўлган қатор долзарб масалалар хусусида фикр юритдик. Улардан бири – жадидлар фаолиятига оид симпозиумни ўтказиш. Тарихдан биламизки, жадидлар Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги илк маърифий ҳаракатлардан саналади. Биз учун яна бир муҳим масала – Фарғона вилоятида ТУРКСОЙ оламининг халқаро этномода фестивалини ўтказиш бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Шунингдек, Самарқандда ТУРКСОЙга аъзо давлатлар туризм вазирларининг форумини ўтказиш ҳам мулоқотларимизнинг кун тартибидан ўрин олди. Айтиш керакки, агар туркий давлатлар бир гўзал узук бўлса, Ўзбекистон унинг бетакрор жозибага эга бўлган кўзидир. ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи мамлакатингизда жуда баланд савияда нишонланди. Ўзбекистон биз учун локомотив мамлакат ҳисобланади.

Орхан Бирдал, “Turkish Airlines“ авиакомпаниясининг бошқарув аъзоси:  

– Ҳозирги пайтда “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Ўзбекистонга ҳафтада 31 та доимий рейслари мавжуд бўлиб, бу парвозларнинг 19 таси Истанбул шаҳридан ва биттаси Анқара шаҳридан Тошкентга амалга оширилади. Қолганлари эса Самарқанд, Бухоро, Фарғона каби бошқа шаҳарларга йўлга қўйилган. Ушбу парвозлар сонини янада кўпайтириш бўйича Ўзбекистон томони билан биргаликда ишлар олиб борамиз.

Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири:  

– Ватанимизда етишиб чиққан улуғ алломалар, яъни буюк тарихий шахсларни дунёга танитишда ёхуд бизнинг тарихий, илмий, адабий, маърифий, бадиий асарларимизни бошқа тилларга ўгириш ва тарғиб этиш бўйича ҳам кўплаб ишларни амалга ошириш режаларимиз бор. ТУРКСОЙ ташкилоти билан асосан Беруний, Бобур, жадидлар ҳаёти, фаолиятини ёшларга таништириш бўйича қатор лойиҳалар юзасидан келишиб олдик.

Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири:

– Халқларни яқинлаштириш, шу йўлда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатларни одамлар билиши керак. Бу йўлда биз – ижодкорлар масъулмиз. Аллақачон халқаро алоқаларимизни кучайтириш тақозо этилаётган эди. Шундай экан, умумий дўстлик қўрғонига ақалли битта ғишт қўя олсак, биз бахтлимиз.

Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти:

– ТУРКСОЙ – туркий давлатларнинг бир-бирига бўлган меҳрини, муҳаббатини, маданиятини, ўзаро яқинлигини, қадрдонлигини исботлаётган ташкилот. Мамлакатимизда миллий маданият ва санъатга қаратилаётган эътибор ТУРКСОЙ фаолиятида Ўзбекистоннинг қизғин иштирокида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

 

ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди