Тўшакка михланган онахон бўйнимдаги шунча кредит қарз билан кўз юмсам, нима бўлади, деган изтиробда Бош прокуратурага мурожаат қилмоқда.
Одатда одамлар моддий етишмовчилик туфайли банкдан кредит олади. Албатта, уй-жой, енгил автомобиллар учун кредитлар берилаётгани аҳолига катта қулайлик яратди, лекин кредит туфайли ҳеч ким боши берк кўчага кириб қолмаслиги керак. Буни нафақат кредит олувчи, балки уни ажратаётган банк ҳам олдиндан чамалаши зарур. Қолаверса, кредитнинг мақсадли ишлатилиши эътибордан четда қолмаслиги шарт.
Аммо номига кредит очилгану, унинг бир сўмини ҳам ўзи қўлига олмаган, ҳеч бўлмаса, озгина манфаат кўрмаган, бироқ уни қайтаришга келганда барча масъулият зиммасига тушиб, изтироб чекиб юрганлар ҳам бор.
Навоий вилояти Нурота тумани “Қизилча” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Сойкечар маҳалласида яшовчи Умет Эшбоеванинг оиласи ана шундай ҳолга тушган.
65 ёшли онахон аслида рўзғордаги етишмовчилик, қолаверса, сув танқислиги боис банкдан кредит олиб, қудуқ қаздиришни ният қилган эди. Ҳовлисининг бир бурчагидан беминнат сув чиқиб турса, деҳқончилик қилиб, рўзғорини обод қилмоқчи эди.
Онахоннинг фикрларини оила аъзолари қўллаб-қувватлади ва улар келини Севаранинг номига кредит оладиган бўлишди. Шу мақсадда туман банкларидан бирига мурожаат қилишди.
Банк Севара Турсунова номига 25 миллион 800 минг сўм кредит ажратди. Бироқ, кредит маблағи С.Турсуновага эмас, балки қудуқ қазиб бериши керак бўлган тадбиркорлик субъекти — «Нур Агро 2020» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исроил Шукуров ҳисоб рақамига ўтказилган.
Тадбиркор аввалига иш бошлагандай бўлди: кредит олмоқчи бўлаётган хонадон эшигига қудуқ қазиш техникаларини келтириб қўйди. Қудуқ қазишга жой танланиб, иш бошлаган эди ҳатто. Буни кўриб суюнган, иш битишига ишонган оила вакиллари, хусусан, Севара кредит билан боғлиқ қоғозларга имзо чекиб юборди. Бироқ, афсуски, ҳаммаси шундан кейин бошланди. Ҳисоб рақамига пул тушгач, тадбиркорнинг техникалари “бузилиб” қолди ва бу ҳудуддан жуфтакни ростлади.
– Президентимизнинг ҳар бир оила тадбиркор бўлсин, рўзғорини обод қилсин, деган сиёсати туфайли тадбиркорлик қилай, деҳқончилик қилиб, рўзғорга барака киритайлик, деган мақсадда кредит олишга жазм қилгандик, – дейди Умет Эшбоева. – Очиғи, келинимни тадбиркорлик билан шуғулланишга мен мажбур қилдим. Чунки Нурота туманида, айниқса, бизнинг ҳудудда ичимлик суви катта муаммо, уни сотиб оламиз. Экинларни суғоришга эса умуман имкон йўқ. Келиним Севара Турсунова “Ёшлар дафтари”га ҳам киритилган. Шунинг учун фарзандларимни қийин вазиятдан чиқармоқчи эдим, аммо афсуски, барча ҳаракатларимиз тескари натижа берди. Боиси ўша тадбиркор ишни битирмагани етмагандай, кетганидан кейин қўнғироқларимизга жавоб бермай ҳам қўйди. Ҳозирда банкдан олинган кредит фоизлари билан 40 миллион сўмдан ошиб кетди. Уйга мажбурий ижро ходимлари кунора келиб, бу пулларни мендан талаб қилмоқда. Келиним бу қийинчиликларга чидай олмасдан 2023 йил май ойида икки нафар неварамни олиб, онасининг уйига кетиб қолди. Тўғриси, бу муаммоларни кўтариш ўзимга ҳам оғирлик қилмоқда. Чунки соғлиғим жойида эмас, ўн йилдан бери жигар циррози ташхиси билан ҳисобда тураман, мунтазам даволанишга муҳтожман. Бу ёқда турмуш ўртоғим иккимизнинг пенсиямизни қўшганда 2 миллион сўмга етмайди. Ўғлим, келиним ҳеч қаерда ишламайди. Билишимча, И.Шукуровнинг мақсади бошидан ғаразли экан. У банкда ишловчи “Шаҳзод” исмли ходим билан олдиндан тил бириктириб, бизни шу аҳволга туширди. Бўлмаса, улар ваъда бериб, кредит ҳужжатларга келинимга имзо чектириб олмасди.
Қизиғи, онахоннинг турмуш ўртоғи 40 йилдан ортиқ банк соҳасида фаолият юритган экан…
Оила кредитни тўлайдиган аҳволда эмас. Бу воқеалар туфайли кўп изтироб чеккан онахоннинг соғлиғи ёмонлашиб, тўшакка михланиб қолган.
У.Эшбоева вазиятдан чиқиш учун каттаю-кичик идораларга, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. Бироқ, афсуски, юзага келган муаммони ҳал қиладиган масъул топилмади.
Янада қизиғи, олинган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши билан қизиқадиган банк ходимлари ҳам шу ҳолатга панжа орасидан қараган.
Маҳалла, сектор раҳбари онахон тўшакка михлангунча қаерга қаради? Ахир унинг зорланиб бормаган идораси, чертмаган эшиги қолмаган-ку?
Тўғри, туман прокурори С.Турсунованинг манфаатини кўзлаб, «Нур Агро 2020″ МЧЖ раҳбарига нисбатан қудуқ қазиб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида даъво аризаси қўзғатган. Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 2022 йил 1 июндаги ҳал қилув қарори асосида даъво талаби қаноатлантирилиб, “Нур Агро 2020» МЧЖ раҳбари зиммасига тик қудуқ қазиб бериш ва насос ўрнатиш мажбурияти юклатилган.
Таассуфки, мазкур ижро ҳужжати ҳозирга қадар ҳар хил баҳоналар билан ижро қилинмаган.
Ҳолат бўйича адвокат Ҳамза Бобомуродов фирибгарлик аломати бор, деб ҳисоблайди. Бироқ, шу мақсадда тегишли идораларга киритилган ҳужжатлар ҳали ижобатини топмади.
Тўшакка михланган онахон бўйнимдаги шунча қарз билан кўз юмсам, нима бўлади, деган изтиробда Президент халқ қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа идораларга мурожаат қилмоқда.
Кредит туфайли боши берк кўчага кириб қолган оилани вазиятдан чиқаришга кўмак кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА