Мамлакатимиз муҳим ўзгаришларга юз тутган бир шароитда байроғимиз билан боғлиқ нормалар ўзгариши зарурлиги ҳақида бир неча йилдан буён ёзамиз. Ниҳоят, яқинда бу ҳақдаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳани диққат билан ўқиб, халқимиз кутган ўзгаришлар киритилаётганидан хурсанд бўлдик. Ҳурматни сақлаган ҳолда байроғимиздан энди оилавий байрамлар, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситалари салонида ҳам фойдаланишимиз мумкин. Албатта, тижорат мақсадида эмас.
Байроғимизга ҳурматсиз муносабатда бўлганларга нисбатан таъсир чоралари янада кучайтирилаётганини қўллаб-қувватлаймиз.
Байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ёпинғич сифатида, стол, ўриндиқ, стулларга тўшашга ёки тасвирлашга, қоплама сифатида фойдаланиш тақиқланади. Оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш, кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида фойдаланиш, бир марта ишлатиладиган ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга йўл қўйилмайди.
ТАКЛИФ
Энди давлатимиз байроғи қабул қилинган сана — 18 ноябрни халқимиз дам оладиган байрамлар қаторига қўшиш лозим. Бу бугун давлатлар чегараси, хавфсизлиги, мустақиллигига бўлган хатарлар кучаяётган бир пайтда муҳим ҳисобланади. Бу билан халқимизнинг байроғимизга бўлган муносабати ҳам ўзгаради, айниқса, ёшларимизнинг ватанпарварлигини кучайтиришга хизмат қилади. Кўпчилик бу саналарни эсламаслиги, билмаслиги ҳам ҳақиқат.
Халқимизнинг байроғимизга бўлган ҳурматини янада ошириш, ардоқлаб, кўзига суртишида, ҳақиқий маънода байрамона кайфият беришида ушбу таклиф муҳимдир.
Жаҳонгир ЗИЯЕВ, депутат