Самарқанд шаҳрида 21 апрель куни Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришилган эди. Шунга мувофиқ, дастлабки бизнес-форум Самарқанд шаҳрида ташкил этилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2017 йилда Самарқанд вилоятидан қўшни мамлакатга 9 миллион 533 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда бу рақам бир неча баробар юқори бўлиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида ўтказилган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасида Самарқанд вилоятидан 20 га яқин тадбиркорлик субъекти иштирок этиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича шартномалар имзолади.
– Кўргазмада корхонамизда тайёрланаётган тиббий ва спорт жиҳозлари, таълим муассасалари учун мебелларга Тожикистон соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш вазирликлари, бир қатор корхоналар томонидан катта қизиқиш билдирилган эди, – дейди Самарқанд туманидаги “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти бошқаруви раиси Ў.Саидмуродов. – Самарқандда ўтказиладиган бизнес-форум ҳамкорлик алоқаларимизни изчил йўлга қўйиш учун қулай имконият бўлиши шубҳасиз.
Бизнес-форумда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация аъзолари 20 апрель куни Ургут туманидаги “Жартепа” ўтказиш пунктида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ва кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди.
Тадбир доирасида Суғд вилояти тадбиркорлари Самарқанд вилоятидаги йирик саноат корхоналари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишади. Тарихий-маданий обидалар, диққатга сазовор масканларни томоша қилади.
Шунингдек, икки мамлакат санъаткорлари иштирокида концерт дастури, Самарқанд вилоятининг “Динамо” ҳамда Суғд вилоятининг “Хўжанд” футбол жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ва бошқа бир қатор маданий тадбирлар режалаштирилган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА