Якшанба куни Хитой давлат телевидениеси C919 самолётининг Шанхай – Пекин йўналиши бўйича илк парвозини намойиш қилди.

Самолёт Хитойнинг тижорат авиация корпорацияси (Comac) томонидан ишлаб чиқарилган. Ушбу лойиҳа Airbus ва Boeing  ишлаб чиқараётган торфюзеляжли самолётларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида амалга оширилган. Бир вақтлар Россиянинг Sukhoi Superjet 100 самолёти ҳам шу мақсадда чиқарилган эди.

Бироқ Хитойнинг ушбу 164 ўринли самолёти ҳали ҳам Ғарбда ишлаб чиқарилаётган бутловчи қисмларга қарам ҳисобланади.

Бортида 130 йўловчи бўлган янги ҳаво кемаси Шанхайдан Пекингача уч соатга яқин учган.

Айни дамда давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган China Eastern Airline авиакомпанияси аллақачон мазкур самолётдан бештасига буюртма берди, дейилади хабарда.

Comac компанияси дастлабки беш йил давомида йилига 150 та самолёт чиқаришни режалаштирмоқда. Ҳозиргача 1 минг 200 та C919 ҳаво лайнерларига буюртма берилган.