Нукус тумани ҳудудидаги Кердер маданиятига тегишли бўлган “Ҳайвонқалъа” ёдгорлик мажмуасида халқаро археологик экспедиция ўтказилмоқда. Россия Федерацияси Қозон федераль университети ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида ташкил этилган экспедиция жорий йилнинг 23 май кунидан 10 июнга қадар давом этади.
Халқаро миқёсда биринчи марта ташкил этилаётган мазкур археологик экспедицияда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Фанлар Академияси А.Х.Халиков номидаги Археология институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Айрат Ситдиков раҳбарлигидаги олимлар, шу билан бирга, Россия, Қозоғистоннинг олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказларидан 20 нафардан ортиқ мутахассис, шунингдек, институтнинг Тарих факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари иштирок этмоқда.
– Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг қорақалпоғистонлик талаба-ёшлар билан ўтказилган учрашувида мен хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари билан тажриба алмашиш имкониятини берувчи халқаро экспедициялар ташкил этиш таклифини билдирган эдим, – дейди Нукус давлат педагогика институти Тарих факультети талабаси Ж.Жоллибаева. –Мана, бугун мен ва мен билан бирга таҳсил олаётган ёшлар шундай имкониятга эга бўлаяпмиз. Бу бизларнинг назарий билимларимизни амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради.
“Ҳайвонқалъа” археологик ёдгорлигида амалга ошириладиган халқаро экспедициядан кўзланган асосий мақсад, археологик қазишма ишлари натижасида топилган буюмлар ҳамда маданий қатламлар бўйича халқаро илмий фикрни шакллантириш, шунингдек, илмий хулосалар чиқариш учун белгиланган ишларни бажаришдан иборат. Бунинг учун институт томонидан 1 миллиард 400 миллион сўмга махсус чодирлар ҳамда 4 миллиард сўмга қазишма ишларида фойдаланиладиган археологик асбоб-ускуналар сотиб олинди.
Тўпланган материаллар асосида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, уларнинг натижаларини кенг жамоатчиликка, жумладан, халқаро миқёсда тарғиб қилиш, институтнинг Тарих факультети талабаларининг назарий билимларини амалиёт давомида мустаҳкамлаш, хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш халқаро илмий-археологик экспедициядан кутилаётган амалий натижалар ҳисобланади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири