Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда “Бўзатов ёшлар овози” танлови ғолибларини тажриба алмашиш учун хорижий мамлакатларга юбориш вазифаси белгиланган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Италиядаги “Progetto Angeli – APS” халқаро ассоциацияси томонидан Италиянинг Пезаро шаҳрида “Ўзбекистон маданияти кунлари ва унинг дўстлари” мавзусида Ўзбекистон маданий мероси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Тадбир доирасида “Бўзатов ёшлар овози” танловининг 2022 йил ғолиблари ҳамда лойиҳа ташкилотчиларидан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси тажриба алмашиш учун Италияга ташриф буюрди.
Танлов ғолиблари Италияда ўз чиқишлари билан қатнашди. Бундан кўзланган асосий мақсад ўзбек санъатини, маданиятини иқтидорли ва ижодкор ёшларнинг қобилиятлари орқали дунёга танитиш бўлди.
– “Ёшлар овози” танлови бахшичилик, миллий анъанавий ижро, опера, ҳамда эстрада йўналишларида ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб бериш мақсадида ҳар йили ўтказилади. Унда 10-15 ёш, 16-22 ёш ҳамда 23-30 ёш тоифасидаги ёшлар қатнашади. Мазкур танловда қатнашиш учун ўтган йили 250 мингдан ортиқ ёшлар “Беш ташаббус” бот орқали ариза топширган. Улар орасидан 12 нафари ғолибликни қўлга киритган. Эндиликда эса биринчи ўринни эгаллаган ёшларимиз давлатимиз раҳбари топшириқлари билан Италияга малака ошириш учун етиб келишди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вакили Шоҳбек Эргашев.
Ёшларимиз биринчи куни Песаро шаҳрида 4 кун Ўзбекистон ҳафталигида концерт дастурлари билан қатнашди. Сўнг 3 кун давомида Италиянинг малакали профессорларидан маҳорат дарсларини олди.
– Юртбошимиз ташаббуси билан Италияга келишга муваффақ бўлдим. Бу ерда опера йўналиши бўйича чет эллик тенгдошларим ҳамда Италиянинг етук операчиларидан кўп нарсаларни ўргандим. Хусусан, Фабио Андреоттидан сабоқ олдим. Эндиликда ўрганганларимни қўллаган ҳолда ўз устимда янада кўпроқ ишлашни давом эттираман. Мақсадим яқин келажакда опера юрти бўлган Италияда ўқишимни давом эттириш, – деди “Ёшлар овози” танловининг опера йўналиши бўйича Республика босқичи ғолиби ҳамда бошқа бир қатор танловлар совриндори Лазизбек Шоназаров.
Хушнуджон Солижонов ўтган йили “Янги Ўзбекистон юлдузлари” танловида мақом йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаган, Зуҳра Турсунбоева “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган. Шу билан бирга, ёшлар орасида “Top music” танлови финал босқичи иштирокчиси Зарима Махсудова ҳам бор. Мазкур лойиҳа вакили ҳамда делегация аъзоси сифатида Алишер Узоқов ҳам ўз фикри билан улашди.
–Италиянинг ўзига яраша катта тарихга эга бўлган шаҳарларида бўлдик ва ўша шаҳарлар маданияти, айнан мусиқа йўналиши бўйича ёшларимизнинг малакасини оширдик. Римнинг Санта Сесилия консерваторияси билан танишдик. Бутун жаҳонга машҳур консерватория раҳбарияти бизнинг ёшларимизнинг у ерда ўқиш таклифини берди. Бу эса катта ютуқ деб ўйлайман. Сабаби бу биз томондан эмас, балки италиялик ҳамкасблар томонидан берилган таклифдир. Агарда биз уларни ўз санъатимиз билан ҳайратга сола олмаганимизда улар назаримда бундай таклифни илгари суришмас эди. Улар бизнинг ёшларимиз катта истеъдод эгаси эканлигини билгандан кейин ушбу таклифни беришди, – дейди Алишер Узоқов.
“Бўзатов ёшлар овози” танловининг ғолиблари Ўзбекистон ҳафталигида иштирок этгани ҳамда маҳорат дарсларини олгани бўйича сертификатлар билан тақдирланди. Ташрифнинг сўнгги кунларини Рим шаҳрида ўтказди. Колизей олдида миллий қўшиқларни куйлаб аҳолини ўзбек санъати билан таништирди.
Эндиликда ёшларимиз учун янада янги шароитлар яратиш мақсадида Италиянинг Римдаги Санта Сесилия консерваторияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида меморандум тузиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Назокат Ражабова, ЎзАнинг Италиядаги мухбири