Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташриф буюрди

Давлатимиз раҳбари дастлаб вилоятдаги тўрт сектор раҳбарлари, ташкилот ва идоралар масъуллари билан мулоқот қилди. Суҳбатда Президентимизнинг жорий йил 2 март куни вилоятга ташрифи чоғида белгиланган вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди. Вилоят ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.

Президентимиз «Навоийазот» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.

2c83eadb-2736-5852-4fd4-9dd9d7e5d826.jpg

“Навоийазот” акциядорлик жамияти 1964 йилда ишга туширилган. Корхонада қишлоқ хўжалиги, нефть-газ тармоғи, энергетика ва тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун 70 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади. Вақт ўтиши билан технологик ускуна ҳамда қурилмалар жисмонан ва маънан эскирди. Улар кўп миқдорда электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни сарф қилиш эвазига маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Яъни, фойдали иш коэффиценти бугунги даврга умуман мос келмай қолди. Бу жиҳатлар эътиборга олиниб, корхонада босқичма-босқич модернизация ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, жамият ҳудудида учта йирик инвестицион лойиҳа – Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳамда Азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши қизғин давом этмоқда. Бунёд этилаётган ушбу корхоналарга замонавий, тежамкор технологик ускуналар ўрнатилади.

b4f73ee9-c74d-e97b-9716-c7ef20619a2c.jpg

Президентимиз ушбу янги объектлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар, хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди.

Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Қурилиш ишларини Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва «HQC (Shanghai)» компаниялари консорсиуми ҳамда юртимиз мутахассислари амалга оширмоқда.

Корхона фойдаланишга топширилгач, йилига импорт ўрнини босувчи 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. 900 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғини экспорт қилиш кўзда тутилган.

Қурилиш ишларида 197 замонавий техника, 1280 ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонани малакали ходимлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу ерга ўрнатиладиган замонавий ускуналарни бошқариш учун мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида 118 нафар инженер-технолог, механик, энергетик, иқтисодчи ва дастурчилар тайёрланяпти. 660 нафардан зиёд ишчи Навоий шаҳридаги касб-ҳунар коллежларида тайёрланади.

8894253d-0b07-c475-713a-72587b2be928.jpg

a75ba359-b75c-d56e-a09b-f7e7ed2f4b87.jpg
Давлатимиз раҳбари бу каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ҳақида тўхталиб, қурилиш ишларини тез ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг мавжуд (1964 йил) энергия сарфи юқори бўлган аммиак ишлаб чиқариш 1-2 навбатларини эксплуатациядан чиқариш кўзда тутилган. Хусусан, Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, шунингдек, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. 491 иш ўрни яратилади.

Япониялик ҳамкорлар (“Mitsubishi Heavy Industries, Ltd”, “Mitsubishi Corporation” компаниялари) билан биргаликда барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Акциядорлик жамиятининг азот ишлаб чиқариш бўйича эски (1965 йил) 1-2 навбатлари ҳам эксплуатациядан чиқарилмоқда. Яъни, келаси йили яна бир лойиҳа – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ умумий қиймати 216,6 миллион АҚШ долларига тенг бу ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади. Шунингдек, 122 та янги иш ўрни яратилади.

Бу каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қиладиган тажрибали муҳандис ва ишчи ходимларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Керак бўлса, уларни хориждаги корхоналарга жўнатиб, тажриба алмашиш ва малака оширишини йўлга қўйишимиз лозим, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз замонавий технологиялар билан жиҳозланадиган мазкур мажмуалар навоийлик кимёгарларга маҳсулотлар ҳажмини ошириш, таннархини тушириш, рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлишини қайд этди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА