Хабар берганимиздек, айни кунларда Жанубий Кореяда оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати давом этмоқда.
Чемпионатнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари дастлабки медаллар шодасини қўлга критди.
Аёллар ўртасида 55 килограмм оғирликда ўтказилган беллашувларда терма жамоамиз аъзоси Жамила Панфилова иккита бронза медалига сазовор бўлди.
Ҳамюртимизнинг даст кўтаришда қайд этган 86 кило, силтаб кўтаришдаги 105 килограмм кўрсаткичи ҳар икки йўналишда бронза медалларига эга чиқишини таъминлади.
Ушбу вазн тоифасида қатнашган яна бир оғир атлетикачимиз Нигора Абдуллаева мусобақани тўққизинчи поғонада якунлади.
«Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг очколарини тақдим этадиган мазкур чемпионатда 35 та давлатдан 250 нафарга яқин спортчилар қатнашмоқда.
13 майга қадар давом этадиган мусобақаларда юртимизнинг 14 нафар спортчиси иштирок этаётган бўлса, улар орасида Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларида муносиб натижаларга эришиб келаётган Акбар Жўраев, Руслан Нуруддинов, Адҳам Эргашев, Турсуной Жабборова сингари тажрибали спортчилар билан Диёрбек Рўзметов, Суннатилла Ўсаров, Қурбонмурод Номозов каби ёшлар ҳам қитъа чемпионлиги учун кураш олиб бормоқда.
Бугун, 7 май куни 67 килограмм вазн тоифасида ўтадиган баҳсларда терма жамоамиз аъзоларидан Диёрбек Рўзметов ва Адҳам Эргашев супага кўтарилади.
Т.Рўзиев, ЎзА