Мадриднинг «Реал» ва Лондоннинг «Арсенал» жамоаси собиқ ўйинчиси Месут Озил Туркияда сиёсий карьерасини бошламоқчи, деб ёзмоқда АЗЕРТАЖ агентлиги Turkiyenewspaper нашрига таяниб.
Хабарда таъкидланишича, Озил Туркия парламенти депутати бўлмоқчи. У Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлик қилаётган ҳукмрон партия номидан номзодини қўймоқчи.
Ўтган ойда Месут Озил футболчилик фаолиятини якунлашини эълон қилган эди.
34 ёшли машҳур ярим ҳимоячининг сўнгги жамоаси «Истанбул Башакшехир» бўлди. Бунгача у «Фенербахче», «Арсенал», «Реал», «Вердер» ва «Шальке» жамоаларида тўп сурган.
Озил «Реал» таркибида бир маротабадан Испания чемпиони, Кубок ва Суперкубок эгаси бўлган. «Арсенал» жамоасида у 4 маротаба Англия Кубогини қўлга киритган ва бир марта Суперкубок соҳибига айланган. У шунингдек, Германия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритган.