Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон спортчиларини 2024 йил Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги ҳамда «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юкланган.
Бугун пойтахтимиз Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди. 16 апрелга қадар давом этадиган мусобақада 31 мамлакатдан ташриф буюрган спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб боради. Мусобақа дастурига кўра, бугун ҳалқа ва тўп билан машқлар бўйича саралаш баҳслари бўлиб ўтади.
Жаҳон кубоги баҳсларида мамлакатимиз шарафини Тахмина Икромова ҳамда Ёсмина Раҳимова яккалик, Екатерина Фетисова, Рухшона Деҳқонова, Шаҳзода Ибрагимова, Наргиза Жуманиёзова, Мумтоза Исъҳоқзода, Иродахон Содиқова гуруҳ машқида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА