Халқаро дзюдо федерацияси спортчиларнинг “Париж-2024” Олимпиадаси учун янгиланган рейтингини эълон қилди.
Аҳамиятлиси, мазкур рейтингга кўра Ўзбекистон терма жамоасининг 15 нафар аъзоси келгуси йилги ёзги Олимпия ўйинларининг лицензион ҳудудидан ўрин эгаллаган.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари олимпия тизимида тўлиқ таркибда эътироф этилган бўлса, қизлар терма жамоасининг 4 нафар аъзоси “Париж-2024”га йўлланма берувчи тизимда қайд этилган.
Рейтингда “Токио-2020” Олимпиадаси ғолиби ва жаҳон чемпиони Давлат Бобонов ўз вазнида етакчилик қилмоқда. Алишер Юсупов ва Диёра Келдиёрова ўз вазнларида 3-ўринни эгаллашган. Музаффарбек Тўрабоев, Шаҳрам Аҳадов, Обидхон Нўъмонов, Муроджон Йўлдошев, Шоҳрух Бахтиёров кучли ўнликдан, Дилшодбек Баратов, Муҳриддин Тиловов, Сардор Нуриллаев, Сита Қадамбоева, Гулноза Матниёзова йигирматаликдан ҳамда Шарофиддин Болтабоев ва Ҳалимажон Қурбонова ўттизталик қатордан жой олишган.
Шу ўринда айтиш керакки, “Париж-2024” Олимпия ўйинларига йўлланмалар тақдим этиш тизими 2024 йил 23 июнгача давом этади.
Халқаро дзюдо федерацияси низомига мувофиқ, миллий терма жамоаларда бир вазнда икки ёки ундан кўп спортчи лицензион ҳудудда бўлса, Олимпия ўйинларининг иштирокчиси терма жамоа мураббийлар штаби қарорига биноан белгиланади.
Т.Рўзиев, ЎзА