Сармишсой сайёҳларни қандай жиҳатлари билан чорлаяпти?

Навоий вилоятида туризмни ривожлантириш, хизмат турларини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Нурота тумани улкан туристик салоҳиятга эга. Жумладан, туманнинг Сентоб қишлоғидаги қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, баланд тоғдаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар ҳамда қишлоқнинг энг юқори нуқтасидаги Фозилмон кўли манзаралари, Акко булоғининг шифобахш суви сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

5.JPG

Сармишсой ва Айдаркўл атрофида янги туристик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида янги йўналишлар йўлга қўйилди. Тадбиркор Фарҳод Сирожов ташаббуси билан Сармишсой кенгликларида оилавий дам олиш маркази қурилди. Қисқа муддатда қад ростлаган масканда 10 дан зиёд ўтов, коттеж, ресторан ва чўмилиш ҳавзалари барпо этилган.

1.JPG

Туристик масканнинг мавсумий очилиш маросимида Франция ва Индонезиядан келган журналистлар ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда миллий таом – сумалак пиширилди.

Дара бўйлаб от ва туяда сайр, маҳорат дарслари асосида миллий таомлар тайёрлашнинг йўлга қўйилиши сайёҳларга ўзгача завқ улашаётир. Буни ўтган йили бу ерга 200 га яқин хорижлик сайёҳ ва 500 дан зиёд маҳаллий аҳоли келганидан ҳам билиш мумкин. Дам олиш масканига туристлар асосан, Сармишсой музей-қўриқхонасини кўриш учун ташриф буюради.

– Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Қизимни ҳам олиб келганман, – дейди испаниялик сайёҳ Мариса Аргулисс. – Ўқитувчи бўлганим боис тарихий қўлёзмаларга қизиқишим катта. Қоятошдаги тасвирларни кўриб, жуда ҳайратландим. Қадимда бу даранинг одамлар билан гавжум, ҳаёт қизғин маскан бўлганига қоятошларга муҳрланган минглаб расмлар гувоҳлик беради. Ҳайвонлар, камонли овчилар ва ов жараёнлари суратини томоша қилиб, неча минг йил аввалги мозий кўз олдингизда гавдаланади. Бу аждодларингиз ўша замонлардаёқ нечоғли зукко ва моҳир ҳунарманд бўлганидан далолатдир.

Дарҳақиқат, 7 минг йиллик тарихни ўз бағрида асраб келаётган Сармишсой тахминан 5 мингдан зиёд ноёб қоятош битикларини бизнинг замонамизгача етказиб берган қутлуғ заминдир.

 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов(сурат)ЎзА