Туркияга ёрдам бериш учун келган икки юз нафар ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи зилзиладан энг кўп жабр кўрган Хатай вилоятида қидирув-қутқарув ишларини олиб боряпти, дала госпиталида жабрланганларни даволашда иштирок этяпти.

Юртдошларимиз ўтган ҳафта давомида кўплаб жабрланганларни қутқарди.

Ўзбекистонлик мутахассислар Антакиянинг Овакент туманида дала касалхонаси ҳам ташкил қилган. Бу ерда 40 йил аввал Туркияга кўчиб келган этник ўзбеклар яшайди.

Тиббиёт хизмати полковниги Носир Фозилов “Анадолу” билан суҳбатда Газиантеп орқали Хатайга етиб келган қутқарувчиларимиз офат ҳудудига жуда шошилишганини айтди.

– Орамизда шифокорлар кўп, – дейди Фозилов. – Ҳодиса жойига етиб олишимиз учун транспорт билан таъминландик. Манзилда бизни илиқ кутиб олишди. Ҳам тиббий мутахассис, ҳам қидирув-қутқарув гуруҳи аъзоси сифатида ишладик. Қутқарувчилар кеча-ю кундуз ўз вазифасини сидқидил бажаряпти. Рентген аппарати, ультра товуш текшируви ва тиббий лабораторияга эга дала шифохонаси бир вақтнинг ўзида 100 кишини даволашга мўлжалланган. Айни пайтгача 600 га яқин жабрдийда, жумладан, болалар, қариялар ва ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдам кўрсатдик.

ЎзА