Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳасида адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши белгиланди.

Фармон лойиҳасида айтилишича, мазкур қонунда жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш белгиланади.

Маълум қилинишича, сўнгги 3 йилда фуқароларга тегишли 4 мингга яқин мулклар терговда хатланган бўлиб, ишни кўриш натижаси бўйича суд томонидан уларнинг атиги 1,3 мингтасига ундирув қаратилган, 2,7 мингта мулк тергов даврида ортиқча хатлангани сабабли, кейинчалик бекор қилинган.

Жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Ҳозирда жиноят ишлари судларга фақат айблов хулосаси билан берилади, натижада судьяларда иш билан танишиш жараёнининг ўзида айбловга мойиллик пайдо бўлади. Жиноят процессида томонлар тенглигини таъминлаш мақсадида ҳимоячи фикрини ҳам судга киритиш белгиланади.

 

ЎзА