Цинхуа университетининг бир гуруҳ тадқиқотчилари шакарли ичимликларни кўп миқдорда истеъмол қиладиган ёш йигитларда соч тўкилиши кучайиб кетишини аниқлашди, деб ёзмоқда Синьхуа агентлиги.
Хитой олимлари мамлакатда ўртача 27,8 ёшдаги 1 минг 28 нафар эркаклар ўртасида олиб борилган сўров натижаларига таяниб шундай хулосага келишгани айтилмоқда. Тадқиқот натижаларида келтирилишича, уларнинг тахминан 57,6 фоизи андрогенли алопециядан /АА/ азият чеккани маълум бўлди.
Андрогенли алопеция — эркакларда соч тўкилишининг энг кенг тарқалган кўриниши ҳисобланади. Калга айланган эркакларнинг 95 фоизи соч тўкилишининг ушбу кўринишини бошдан кечирган.
Таркибида шакари бор ичимликлар рўйхатига мевали соклар, алкоголсиз ичимликлар, спорт ва энергетик ичимликлар, ширин ва ёнғоқли сут, ширин чой ва чойли ичимликлар ҳамда қаҳва киритилган.
Сўровда иштирок этганларнинг 44,6 фоизи ширин ичимликларни ҳафтасига етти маротабадан кўп истеъмол қилган.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, таркибида шакар улуши кўп бўлган ичимларларни мунтазам ичиб юрган одамларда соч тўкилиши бошқаларникига қараганда тез кечади.
Андрогенли алопециядан азият чекаётган эркакларнинг ҳафталик ширин ичимликларни ичиш кўрсаткичи 4 минг 293 миллилитрга етган. Бу борада соғлом гуруҳ кўрсаткичи ҳафтасига ўртача 2 минг 513 миллилитрни ташкил этади.
Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, шакарни кўп истеъмол қилиш қонда шакар моддаси даражасининг кўтарилишига ва натижада юқори фаолликдаги полиол йўлга олиб келади. Бу йўл глюкоза фруктозага айланадиган жой сифатида маълум. Агар мазкур йўл ҳаддан зиёд фаол бўлса диабетга олиб келиши мумкин. Тадқиқотлар натижаси эса соч тўкилиши аломатлари кўп ҳолларда «полиол йўлнинг ўта фаоллашганига” урғу беради.
Хабарда айтилишича, тадқиқот натижалари Nutrients журналида эълон қилинган.