Аргентина Марказий банки жадал инфляция фонида янги икки минг песо номиналли банкнот муомалага чиқарилишини эълон қилди, аммо аниқ вақти очиқланмаган. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.
Расмий равишда 11 доллар бўлган янги банкнотни муомалага чиқариш тўғрисидаги қарор истеъмол нархлари ўтган йил 95 фоизга ошганидан кейин қабул қилинган. Бу Аргентинада 1991 йилдан буён кузатилаётган энг юқори кўрсаткич.
Айни пайтда мамлакатнинг энг йирик банкнотаси минг песо муқобил бозорларда атиги 2.70 доллар баҳоланади. Мамлакат марказий банки янги банкнотда шифокорлар Сесилия Грирсон ва Рамон Каррильо суратлари туширилишини маълум қилди.
2022 йил декабрда Халқаро валюта жамғармаси Жанубий Америкадаги иккинчи йирик иқтисодиётга ёрдам бериш учун яна 6 миллиард долларни тасдиқлаган эди. Бу ташкилотнинг 30 ойлик дастури доирасида Аргентинага сўнгги тўлов эди. Умуман олганда, мамлакат шу кунгача 44 миллиард доллар миқдорида ёрдам олган.
Яна бир муҳим маълумот: ўтган йил ёзда Аргентинада бир ой ичида уч маротаба иқтисодиёт вазири алмашган. Сентябрь ойида марказий банк асосий фоиз ставкасини 75 фоизга кўтарган, яшаш харажатини ушлаб туришга ҳаракат қилган.
Шунингдек, январда Бразилия ва Аргентина икки давлат ўртасидаги савдони ривожлантириш учун ягона валюта яратиш режасини эълон қилди. Раҳбарлар умумий валютани яратиш ҳали дастлабки босқичда бўлса-да, долларга таянмасдан савдони молиялаштириш йўлларини топиш зарурлигини таъкидлаяпти.
ЎзА