Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатнинг биринчи Президенти Аскар Акаевга нисбатан “Қумтор” олтин кони билан боғлиқ жиноий иш бўйича тергов ишини тўхтатди. Бу ҳақда республика прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
“Шундай қилиб, Акаевга қўйилган барча жиноий айбловлар олиб ташланди”, дейилади хабарда.
Айтилишича, аввалроқ давлатнинг биринчи етакчисига нисбатан бошқа эпизодлар бўйича ишларнинг тергови тўхтатилган эди.
Акаев 1990 йил октябридан то 2005 йилгача Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Мамлакатда бошланган “рангли инқилоб”дан кейин хавфсизлик нуқтаи назаридан у оиласи билан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Ўшандан бери у Москвада яшаб, дарс бериб келган.
ЎзА