Пенсия олиш учун кимга мурожаат қилиш керак? Мурожаат қилиш тартиби ва муддатлари қандай?

Ҳуқуқий маслаҳат
 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу рукнда аҳолидан тушаётган саволларга жавоб берилади.
Қуйида кўпчиликни қизиқтираётган пенсия билан боғлиқ саволларга жавоб топасиз.
Савол: Пенсия олиш учун кимга мурожаат қилиш керак? Мурожаат қилиш тартиби ва муддатлари қандай?
Жавоб: Ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига (боқувчисини йўқотган тақдирда) пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза охирги иш жойидаги корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти орқали берилади.
Маъмурият ариза тушган кундан эътиборан 10 кунлик муддат ичида стаж ва иш ҳақи тўғрисидаги зарур ҳужжатларни расмийлаштиради ҳамда уларни берилган ариза ва ўз тақдимномаси билан бирга аризачи истиқомат қиладиган Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига юборади.
Савол: Пенсия олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак? 
Жавоб: Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат; иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома; ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси илова қилинади.
Ногиронлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига эса юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар ногиронлик меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса — бошқа расмий ҳужжат илова қилинади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига эса пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи ҳужжат; оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар; боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки унинг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори; унинг иш стажини, махсус иш стажини тасдиқлайдиан ҳужжат, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси ҳамда иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома илова қилинади.
Савол: Турмуш ўртоғим яқинда вафот этди. Турмуш ўртоғимга тайинланган пенсияни мен ёки болаларим олиши мумкинми?
Жавоб: Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга.
Бундай пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан тайинланади.
Пенсия марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг: эркаклар — 60 ёшга, аёллар — 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса — умрбод тайинланади.
Савол: Пенсия қанча муддатга тайинланади?
Жавоб: Ёшга доир пенсия — агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб олтмиш кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади. Ушбу пенсия умрбод тайинланади.
Ногиронлик пенсияси — агар ногиронлик белгиланган кундан бошлаб олтмиш кун ичида пенсия сўраб мурожаат этилган бўлса, ТМЭК ногиронликни белгилаган кундан эътиборан тайинланади. Ушбу пенсия бутун ногиронлик даври учун тайинланади. 60 ёшдан ошган эркак ва 55 ёшдан ошган аёл ногиронларга — ногиронлик пенсиялари умрбод тайинланади. Ана шу ногиронларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан амалга оширилади.
Савол: Ҳеч қаерда ишламаган шахслар ҳам пенсияга чиқиши мумкинми?
Жавоб: Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунига асосан иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмас.
Уларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга асосан иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.

 

ЎзА