Нукус халқаро аэропортида қорақалпоғистонлик Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари тантанали кутиб олинди.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 мартдаги қарорига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофотига совриндор бўлган 28 қизнинг орасида қорақалпоғистонлик икки қиз – Нукус давлат педагогика институти талабаси Шаҳодат Жуллибаева ҳамда Нукус маданият ва санъат коллежи ўқувчиси Наргиза Утемуратовалар ҳам бор.

Шаҳодат Жуллибаева 1998 йил Тахиатош туманида туғилган. Спортнинг эркин кураш тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, спорт устаси. Қатор халқаро ва мамлакат миқёсида ўтказилиб келинаётган спорт мусобақалари совриндори.

У 2014 йил Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги II ёзги Олимпия мусобақаларида 4-, 2015 йилда Ҳиндистон давлатида ўтказилган Осиё чемпионатида 2-, шу йил Таиландда ўтказилган мусобақада 3-ўринни эгаллаган. Жорий йил қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 55 килограмм оғирликда 1-ўринни эгаллади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

Наргиза Утемуратова 2001 йил Нукус шаҳрида туғилган. У 2010-2012 йилларда “Камалак» юлдузлари”фестивали ва 2013 йилда “Кўҳна замин оҳанглари” телефестивали ғолиби. Бир қатор халқаро фестиваллар совриндори.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА