Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида бир нечта фуқароларнинг қурол-яроғларни ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Жумладан, Нукус туманида фуқаро Қ.Д нинг хонадони унинг розилиги билан холислар иштирокида кўздан кечирилди ва ҳовлисининг орқа томонида жойлашган молхонаси ёнидаги қамишлар орасига 2 дона ов милтиғи, 23 дона гильза, 34 дона капсюлларни ноконуний равишда сақланаётганлиги аниқланган. Маълум бўлишича, фуқарода қуролларни сақлаш бўйича ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.

Шунингдек, Қўнғирот туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, А.А нинг хонадонидан калибри 16 мм бўлган 1 дона бир стволли ов милтиғи ва 3 дона гильзаларни ноқонуний равишда яширган ҳолда сақлаб қуйганлиги аникланди. Кегейли туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Т нинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, бу ерда 1 дона икки стволли ов милтиғи ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақлаётганлиги фош бўлди.

Қорақалпоғистон темир йўл станциясида «Волгоград – Тошкент» йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилганида республикамиз фуқароси Б.П йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 9 кг. ов милтиғининг дробларини ноқонуний равишда Россия Федерациясидан мамлакатимизга олиб келаётганлиги аникланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Рақамларга мурожаат қилсак, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йил давомида 6 та ўқ отар қурол, 15 дона ўқ, 103 дона гильза, 10 кг дробь, 2124 дона капсула, 26 гр. порох, 496 дона пневматик патронлар, 912 дона пневматик ўқлар капсуласи, 1 дона газбалонли тўппонча, 13 дона электрошокерлар далилий ашё тариқасида олиб қўйилди.

 

ЎзА