1992 йилнинг 2 марти мустақил Ватанимиз тарихида муҳим сана сифатида муҳрланган. Шу куни Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди, Нью-Йоркдаги БМТ Бош қароргоҳи олдида Ватанимиз байроғи ҳилпирай бошлади.
Ўша пайтда истиқлолга эришганига атиги олти ой бўлган ёш давлат учун бу жуда катта гап эди. Шу кундан бошлаб дунё ҳамжамияти Ўзбекистонга халқаро муносабатларнинг комил ҳуқуқли субъекти сифатида қарай бошлади.
Ўзбекистон тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи хавф-хатарларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида БМТ билан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда.
2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясида мамлакатимиз можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва куч ишлатмаслик тамойилларига асосланиши белгиланган. Юртимиз, таъбир жоиз бўлса, бу имижига қатъий содиқликни намойиш этиб келмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан муносабатларда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Жумладан, 2017 йилда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни белгилаш, назорат-ўтиш пунктларини очиш, транспорт қатновини тиклаш ва кенгайтириш каби кўплаб нозик масалалар бўйича муҳим келишувларга эришилди ва бу жараён давом этмоқда. Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасида одамларнинг борди-келди қилишига йўл очилди, минтақалараро ва чегараолди ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси минтақа давлатлари ўртасида дўстлик ва ишончни мустаҳкамламоқда, ҳамкорликка янги суръат бағишламоқда.
Мамлакатимиз БМТ билан турли йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Юртимизда унинг қатор таркибий тузилмалари – Тараққиёт дастури, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Кейинги бир йилда ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди. 2017 йилда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раъд ал-Ҳусайн, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизга ташриф буюрди. Улар раҳбарлигидаги нуфузли делегациялар ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишди, қатор вазирлик ва идораларда музокаралар ўтказди.
Президентимиз 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу нутқ ўз мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан алоҳида диққатга сазовордир – унда замонамизнинг энг долзарб масалалари ҳақида сўз юритилди, асосли таклифлар ўртага ташланди. Бу тарихий воқеа Ўзбекистон – БМТ ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро анжуман ушбу тенденцияни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шу ўринда мамлакатимизда БМТ билан ҳамкорлик бўйича иккита муҳим ҳужжат қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Биринчиси БМТ Бош котибининг мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан БМТ ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»дир. Унда иқтисодий ўсиш, самарали бошқарув ва аниқ фактлар асосида ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, маданий меросни асраш, болалар ва аёллар ҳуқуқлари, табиий офатлар хавфининг олдини олиш каби йўналишларда чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, дунёда ҳали ҳеч бир давлат БМТ билан бундай ҳужжат имзоламаган.
Иккинчи ҳужжат давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташқи сиёсий шериклар билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўлиб, бу ҳужжат мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
Жорий йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказиладиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик ва минтақавий муносабатлар соҳасида ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференция ушбу мамлакатда тинчликка эришиш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Зеро, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан жаҳон ҳамжамияти эътиборини Афғонистонда вазиятни барқарорлаштиришга қаратиб келмоқда. Ушбу анжуман Афғонистон масаласида Ўзбекистон даъватлари нақадар тўғри, нуқтаи назари нақадар асосли эканининг яна бир бор намоёни, мамлакатимиз ташаббусларининг жаҳоний эътирофи бўлади.